Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Наманган вилояти Норин тумани ҳокими Шўрариқ маҳалласида ўрнатилган контейнерга кўчиб ўтди. Қарор ўзгаришларни тезлаштириш ва аҳолининг муаммоларини жойида тезкор ҳал қилиш учун қабул қилинган. Аввалроқ президент бу ерга ташриф буюриб, маҳалла инфратузилмаси ҳолатини танқид қилган эди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳоким маҳаллани обод ҳудудга айлантириш учун ислоҳотларнинг боришини шахсан кузатиб бориш мақсадида контейнерли уйга кўчиб ўтган. Ишлар Наманган вилояти ҳокими бошчилигидаги вилоят штаби томонидан мувофиқлаштирилмоқда.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Шўрариқ маҳалласига ташриф буюриб, туман ҳокимига маҳалланинг эски биносига кўчиб ўтиш, у ерда "ухлаш" бўйича топшириқ берган эди. Давлат раҳбари маҳалланинг номини "Янги Наманган" деб ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилинганини ҳам айтди.
Ҳудудни ободонлаштириш учун 10 миллиард сўм ажратилган. Бу маблағлар дам олиш масканлари ташкил этиш, соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш, мактабларни янгилаш ва болаларнинг таълим олиши учун шароитлар яратишга йўналтирилади. Аҳоли ва нуронийлар билан учрашувда маҳалла қиёфасини ўзгартиришга оид режалар тақдимот қилинди.
Хусусан, бўш турган бинолар ўрнида саноат зонаси ташкил этилади, инфратузилма ривожлантирилади, "Янги Наманган" ва унга туташ 6 та маҳаллани жадал ривожлантириш бўйича мастер режа тайёрланади.
Йил якунигача 4,2 миллиард доллар инвестиция олиб келиб, экспортни 1 миллиард долларга етказиш, 323 минг аҳолини банд қилиб, 26 минг оилани камбағалликдан чиқариш вазифаси қўйилди.
Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистонда ҳокимларни контейнерларга кўчириш амалиёти 2021 йилдан бери мавжуд. Ўшанда у республиканинг ободонлаштирилмаган маҳаллаларига ташриф буюрган президентнинг танқидидан кейин пайдо бўлган эди. Биринчилардан бўлиб халққа "яқинлашиб," контейнерга кўчиб ўтганлардан Наманган вилояти ҳокими бўлди.

Изоҳлар мавжуд емас