Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзгидромет синоптикларининг маълумотига кўра, жорий ҳафта давомида Ўзбекистон ҳудудларида беқарор об-ҳаво кузатилиб, қисқа муддатли ёмғирлар аномал иссиқлик ва шамол кучайиши билан алмашиб туради. Айниқса, тоғли ва тоғолди ҳудудларда вақт-вақти билан кузатиладиган момақалдироқли ёғингарчиликлар ортидан сел-тошқин ҳодисалари юзага келиши хавфи мавжуд.
Мамлакатнинг асосий қисмида ҳарорат кундузи +33…+38 даража атрофида бўлиши кутилаётган бир пайтда, жанубий вилоятларда ва чўл зоналарида ҳафтанинг дастлабки кунларида иссиқлик +41…+44 даражагача кўтарилади. Кейинчалик чўл ҳудудларида ҳарорат 4–6 даражага пасайиши прогноз қилинмоқда.
Ҳафта давомида об-ҳавонинг ўзгариб туриши чанг бўронлари билан ҳам кузатилади. Республика бўйича шамол тезлиги баъзи жойларда 13–18 м/с гача кучайиб, айрим ҳудудларда ҳавога чанг ва ғубор кўтарилишига сабаб бўлади. Душанба куни Тошкент вилояти ва Фарғона водийсида, 23 июнда эса шимоли-ғарбий ҳудудларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши эҳтимоли бор.
Шароитнинг энг беқарор даври 24 июнга тўғри келиб, шу куни Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятлари ва водий ҳудудларида момақалдироқли ёмғир кутилмоқда. Ҳафтанинг иккинчи ярмида, яъни 25–26 июнь кунлари эса бутун мамлакат бўйлаб қуруқ ва барқарор об-ҳаво қарор топади.
Пойтахт Тошкент шаҳрида ҳам об-ҳаво ҳафта давомида бир неча бор ўзгаради. Хусусан, 22 июнь куни куннинг иккинчи ярмида ҳамда 24 июнда шаҳарда қисқа муддатли ёмғир ёғиб, момақалдироқ ва шамол кучайиши ортидан чанг кўтарилиши мумкин. Бу кунлари ҳарорат +34…+36 даража атрофида нисбатан мўътадил бўлади.
23 июнь ва ҳафта охирида (25–26 июнь) эса пойтахтда ёғингарчилик кутилмайди, ҳаво қуруқлашиб, кундузги иссиқлик яна +36…+38 даражагача кўтарилади. Кечалари эса ҳарорат изчил равишда +23…+25 даража атрофида сақланиб қолади.

Изоҳлар мавжуд емас