Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида икки нафар вояга етмаган боланинг сувга тушиб кетиши билан боғлиқ мудҳиш бахтсиз ҳодиса юз берди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, қидирув-қутқарув ишлари натижасида сувга оқиб кетган болалардан бирининг жасади топилган.
Маълум қилинишича, шу йилнинг 17 июнь куни Бўстонлиқ тумани "Обод" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи,10 ва 8 ёшли икки нафар вояга етмаган бола эҳтиётсизлик оқибатида ўзлари яшайдиган уйнинг қуйи қисмидан оқиб ўтувчи "Бўзсув" каналига тушиб кетган. Бахтсиз ҳодиса ҳақида Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бош бошқармасига зудлик билан хабар берилган ва воқеа жойига ғаввос-қутқарувчилар жалб этилган.
Олиб борилган кенг қамровли қидирув-қутқарув тадбирлари натижасида, жорий йилнинг 21 июнь куни ғаввослар томонидан сувдан болалардан бирининг жасади топилиб, қирғоққа олиб чиқилган. Айни пайтда ФВВ махсус гуруҳлари ва ғаввослари томонидан иккинчи болани ҳам топиш мақсадида канал бўйлаб қидирув-қутқарув ишлари туну кун, узил-кесил ва узлуксиз равишда давом эттирилмоқда.
Илгарироқ Сурхондарёнинг Қумқўрғон туманидаги "Жанубий Сурхон" сув омборида йўловчилар бўлган қайиқ ағдарилиб кетганди, сувга тушган беш кишидан бири чиқа олмай чўкиб кетган эди.

Изоҳлар мавжуд емас