Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги мамлакатдан чиқариб юборилиши ёки депортация қилиниши керак бўлган хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни вақтинча сақлаш марказларини ташкил этишни режалаштирмоқда. Биринчи марказ 2027 йилда Тошкентда очилиши, 2030 йилгача эса яна бешта вилоятда шундай муассасалар ишга туширилиши кутилмоқда.
Бу ҳақдаги қарор лойиҳасига кўра, марказлар Ички ишлар вазирлиги тизимида ташкил этилади. Уларнинг асосий вазифаси хорижликларнинг шахсини аниқлаш, зарур ҳужжатларни расмийлаштириш ва доимий яшаш мамлакатига қайтариш жараёни якунлангунига қадар вақтинча жойлаштиришдан иборат.
Ҳужжатда биринчи марказни 2027 йилда Тошкентда очиш назарда тутилган. 2030 йилгача Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида ҳам шундай муассасалар ташкил этилиши режалаштирилган.
Марказларга амалдаги ҳужжатлари бўлмаган хорижий фуқаролар, суднинг мамлакатдан чиқариб юбориш ҳақидаги қарорига қарамай, Ўзбекистон ҳудудини тарк этмаган шахслар, шунингдек, шахсини аниқлаш ёки депортация қилишни зудлик билан амалга ошириш имкони бўлмаган бошқа хорижликлар жойлаштирилиши мумкин.
Лойиҳада марказларда сақланадиган шахсларнинг ҳуқуқлари ҳам белгилаб берилган. Улар адвокат ва таржимон хизматидан фойдаланиш, тиббий ёрдам олиш, қариндошлари билан учрашиш, хат-хабар юбориш ва қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Шунингдек, телефон орқали яқинлари ҳамда ўз мамлакати дипломатик ваколатхоналари билан боғланиш имконияти яратилади.
Марказдагиларга сайр қилиш ва диний маросимларни бажаришга рухсат берилади. Уларга ҳар кеча камида саккиз соат узлуксиз ухлаш имконияти ҳам таъминланиши керак.
Эркаклар ва аёллар алоҳида жойлаштирилади. Юқумли касалликларга чалинганлар ҳамда тиббий кузатувга муҳтож шахслар учун ҳам махсус хоналар ажратилади.
Ҳар бир сақланаётган шахс учун турар жой майдони меъёри эркакларга камида 2,5 квадрат метр, аёллар ва вояга етмаганларга уч квадрат метр этиб белгиланмоқда. Ҳомиладор аёллар ва болали оналар учун эса бу меъёр тўрт квадрат метрни ташкил этади.
Бундан ташқари, Ўзбекистонга кирувчи хорижий фуқаролар учун мажбурий тиббий суғурта жорий этиш таклиф қилинмоқда. Бунда тиббий ёрдам харажатлари суғурта компанияси томонидан қопланиши, суғурта полиси бўлмаган ҳолларда эса хизматлар пуллик асосда кўрсатилиши назарда тутилган.
Лойиҳага мувофиқ, махсус марказларда бўлиш муддати кўпи билан бир йилни ташкил этади. Шахси аниқланиб, зарур ҳужжатлари расмийлаштирилган хорижликлар миллий қонунчилик ва халқаро келишувларга мувофиқ доимий яшаш мамлакатига қайтарилади.

Изоҳлар мавжуд емас