Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда маҳаллаларни ободонлаштириш ва тозаликни сақлаш ишларини рағбатлантиришнинг мутлақо янги тизими жорий этилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида маълум қилинишича, йил якунида ўтказиладиган танловларда "энг ораста" ва "энг намунали" деб топилган хонадон ҳамда ҳовли эгаларига давлат томонидан солиқ имтиёзлари берилади.
Мазкур янги ташаббус Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан мамлакат миқёсида эълон қилинган "Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги" доирасида йўлга қўйилмоқда. Давлат раҳбари ушбу ҳаракат шунчаки бир ойлик мавсумий тадбир бўлиб қолмай, балки йил давомида узлуксиз ишлайдиган умуммиллий ҳаракатга айланиши зарурлигини қатъий таъкидлаган. Жазирама ва аномал иссиқ шароитида шаҳар ва қишлоқларнинг тозалиги ҳамда яшиллигини сақлаш мақсадида тизимли бошқарув жорий этилади. Бунинг учун Бош вазир раҳбарлигида республика штаби, жойларда эса вилоят ҳокимлари бошчилигидаги ҳудудий штаблар ташкил этилиб, ҳар бир масъул раҳбарга алоҳида туман ва маҳаллалар бириктирилади.
Аҳолининг тозалик ва ободончиликка бўлган эътиборини кучайтириш мақсадида иқтисодий рағбатлантириш механизмлари ишга солинади. Хусусан, йил якунларига кўра "Энг ораста хонадон", "Энг файзлм ҳовли", "Энг обод кўча" ва "Энг намунали маҳалла" номинациялари ғолиблари аниқланади. Танловда ғолиб деб топилган кўп қаватли уйлардаги хонадон эгалари мол-мулк солиғидан, хусусий ҳовли-жой эгалари эса ер солиғидан имтиёзлар олади. Бундан ташқари, ушбу жараёнда фаоллик кўрсатган "маҳалла еттилиги" аъзолари ҳам моддий мукофотланади.
Шу билан бирга, йиғилишда йўл бўйи инфратузилмасини тартибга солиш бўйича ҳам янги топшириқлар берилган. Айниқса, республиканинг 45 та тумани орқали ўтувчи ва 285 та маҳаллани қамраб олувчи Тошкент—Хива темирйўл йўналиши атрофидаги ҳудудларни ободонлаштиришга алоҳида эътибор қаратилади. Вилоят ҳокимларига бир ҳафта муддатда йирик автомобил йўллари ва темирйўллар ёқасида жойлашган уй-жойлар ҳамда тижорат объектларини тўлиқ хатловдан ўтказиш, икки ҳафта ичида эса ушбу ҳудудларни замонавий намунавий қиёфага келтириш бўйича амалий дастурларни бошлаш вазифаси юкланган.

Изоҳлар мавжуд емас