Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 2026 йилнинг июнь ойида Ўзбекистон истеъмол бозорида нархлар ўзгарувчанлиги кузатилди. Унга кўра, сабзи нархи 25 фоизга арзонлаган бўлса, бодринг қиймати 53,8 фоизга ошиб, энг юқори ўсиш қайд этган.
Таъкидлаш жоизки, статистик маълумотларга кўра, жорий йилнинг июнь ойида йиллик ҳисобда нархлар пасайиши бўйича сабзи етакчилик қилган. Шунингдек, саримсоқ 24,6 фоиз, тарвуз 20,8 фоиз, бақлажон 19,7 фоиз ва пиёз 19,3 фоизга арзонлашган. Истеъмол саватидаги 167 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг 90 фоизга яқинида йиллик нарх ўсиши 10 фоиздан паст даражада сақланиб қолган.
Бошқа томондан, айрим турдаги маҳсулотлар нархида кескин қимматлашуви кузатилган. Хусусан, бодринг 53,8 фоизга қимматлашиб, рўйхатда етакчилик қилган бўлса, лимон 34,6 фоиз, карам 24 фоиз, қўй гўшти 23,1 фоиз ва олма 21,4 фоизга ошган.
Бундан ташқари, ноозиқ-овқат маҳсулотлари сегментида йирик ошхона жиҳозлари ва маиший техника воситалари нархи 1,6 фоиздан 2,7 фоизгача арзонлашган. Бироқ, пропан гази нархида 41,1 фоизлик ўсиш қайд этилиб, энг катта қимматлашув сифатида кузатилган. Қолаверса, никоҳ узуклари 23,1 фоиз, газеталар 17,5 фоиз, цемент 12,6 фоиз ва метан гази 10,1 фоизга қимматлаган. Умуман олганда, 252 турдаги ноозиқ-овқат маҳсулотларининг 92 фоизида йиллик нарх ўсиши 10 фоизлик чегарадан ошмаган.
Олдинроқ Марказий банк ўтказган сўровнома натижаларига кўра, 2026 йил июнь ойида аҳоли томонидан сезилган инфляция даражаси 10,2 фоизни ташкил этганди. Тадқиқотда 3 785 нафар респондент иштирок этган.

Изоҳлар мавжуд емас