Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Аномал иссиқ фонида Тошкент аҳолиси жазирама қуёшдан ҳимоя йўқлигидан шикоят қилиб, замонавий автобус бекатлари масаласини яна кун тартибига олиб чиқди.
"Потребитель.uz" гуруҳидаги пост муҳокамаларга сабаб бўлган. Унинг муаллифи Шимолий вокзал яқинидаги бекатни кўрсатиб, ушбу конструкцияни қарийб 50 даражалик иссиқда транспорт кутиш учун мутлақо яроқсиз деб атаган.
Пост муаллифининг сўзларига кўра, бекат шунчаки оддий соябондан (навесдан) иборат бўлиб, йўловчиларни қуёшдан деярли ҳимоя қилмайди. У шаҳарликларнинг кўплаб шикоятларига қарамай, пойтахтда бундай иншоотлар сони тобора ортиб бораётганини таъкидлаган.
"Қариялар, болалар ҳар куни мана шундай бекатларда туришибди, улар беш дақиқагина кутишаётгани йўқ. Кўчада ҳарорат қарийб 50 даражага етяпти. Бундай бекатларни ким ўйлаб топган?" — деб ёзади муаллиф.
Ушбу пост қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган. Кўплаб фойдаланувчилар муаллифни қўллаб-қувватлаб, замонавий бекат павильонлари қуёш, ёмғир ва шамолдан жуда ёмон ҳимоя қилишини таъкидлашган. Баъзи фойдаланувчилар Тошкентда оммавий равишда бузиб ташланаётган эски бекатларни эслаб ўтишган. Уларнинг қайд этишича, аввалги бекатлар ёпиқ деворлари ва қулай ўриндиқлари туфайли йўловчиларни ноқулай об-ҳаводан анча яхши асраган.
Изоҳларда, шунингдек, лойиҳачиларга ва бундай дизайнни тасдиқлаган шаҳар расмийларига ҳам саволлар йўлланган.
"Буни жамоат транспортидан ҳеч қачон фойдаланмайдиган одам ўйлаб топган", — деб ёзган фойдаланувчилардан бири.
Бундан олдин ҳам ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги янги автобус бекатларидаги шароитлар, хусусан, уларнинг атрофида соя берадиган бирорта ҳам дарахт қолдирилмагани кескин танқид қилинган видеомурожаат кенг муҳокамаларга сабаб бўлганди.

Изоҳлар мавжуд емас