Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент вилояти Зангиота туманидаги автомобилларга газ қуйиш шохобчасида (АГЗС) содир бўлган портлашга хавфсизлик қоидаларининг қўпол равишда бузилгани сабаб бўлган. Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасининг маълум қилишича, фақат автомобилларни ёқилғи билан таъминлашга мўлжалланган шохобчада ноқонуний равишда маиший газ баллонларига газ тўлдирилган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
Суриштирув маълумотларига кўра, 16 июль куни кечқурун Зангиота туманининг "Эркин" маҳалласида жойлашган шохобчага ичида олтита маиший газ баллони бўлган Labo автомобили келган. Мутахассисларнинг аниқлашича, ходимлар 100 литрли баллонларни қўлбола (самодельний) ўтказгич мослама орқали тўлдиришга уринишган. Учинчи баллонга газ қуйилаётган вақтда шланг юқори босимга дош беролмай узилиб кетган ва қаттиқ жисмга урилиши оқибатида учқун чиққан. Бу эса занжирли реакцияни юзага келтириб, кучли портлаш ва ёнғинга сабаб бўлган.
Ҳодиса оқибатида иккита баллон портлаб кетган, тўрттаси эса ёниб, жиддий шикастланган. Портлаш туфайли уч нафар фуқаро турли даражадаги куйиш жароҳатларини олган: уларнинг икки нафари ўртача оғирликда, бир нафари эса танасининг 80 фоизи куйиши билан ўта оғир аҳволда шифохонага ётқизилган.
Ҳозирда воқеа жойида тегишли идоралар мутахассислари ишламоқда, портлаш ва ёнғиннинг аниқ сабабларини белгилаш учун комплекс экспертиза тайинланган. Мутасаддилар бу каби фожиалар оддий хавфсизлик қоидаларини менсимаслик оқибатида келиб чиқишини таъкидлаб, автомобилларга газ қуйиш шохобчаларида маиший баллонларни тўлдириш қатъиян тақиқланганини яна бир бор эслатиб ўтмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ушбу фожиали ҳодиса 16 июль куни соат 22:46 да содир бўлганди. Аввалроқ пропан сақлаш резервуари ва уни ташувчи махсус автомобиль портлагани ҳақида хабар берилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас