Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. АҚШнинг Огайо штатида содир бўлган ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси иши бўйича айбланаётган Ўзбекистон фуқароси Бекзод Асраров гаров эвазига ҳибсдан озод қилинди. Озодликка чиққанига қарамай, эркак расмийлар назоратида қолмоқда — унга электрон браслет тақилган.
Эслатиб ўтамиз, ҳалокат I-71 трассасида содир бўлган эди. Тўқнашув оқибатида 21 ёшли коллеж талабаси ва футбол жамоаси ўйинчиси Тоби Форсайт ҳалок бўлган. Юк машинаси рулида бўлган Асраров ушбу иш бўйича айбланувчи тариқасида иштирок этмоқда.
Биринчи суд мажлисидан сўнг, суд уни гаров эвазига озод қилишга рухсат берган. Суд мажлисида Асраров оиласи билан бирга иштирок этган ва таржимон хизматидан фойдаланган. Унинг адвокатининг маълум қилишича, айбланувчи тахминан бир йил давомида номи ошкор этилмаётган транспорт компаниясида ишлаган.
Тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Ҳуқуқ-тартибот идоралари токсикологик экспертиза ва ЙТҲни реконструкция қилиш (қайта тиклаш) натижаларини кутмоқда. Шундан сўнг айбловга қўшимчалар киритилиши мумкин.
Ушбу фожиа АҚШда тижорат транспорти ҳайдовчиларини тайёрлашга бўлган талаблар ва хориж фуқароларига CDL (тижорат ҳайдовчилик гувоҳномаси) бериш тизими бўйича мунозараларни яна кучайтирди. Соҳа вакилларининг фикрича, амалдаги хавфсизлик стандартларини янада қатъийлаштириш зарур.
Тажрибали ҳайдовчи ва йўриқчи Даррен Гроуз тизимни ислоҳ қилиш кераклигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, у CDL олиш учун имтиҳонлар бошқа тилларда топширилган ҳолатларга дуч келган.
"Инглиз тилини билмасдан ҳам ишлаш мумкин бўлган соҳалар бор. Бироқ ҳайдовчи йўл белгиларини ўқий олиши шарт", — деди у.
Маълум бўлишича, Асраров тижорат ҳайдовчилик гувоҳномасини (CDL) 2024 йилнинг кузида Огайо штатида олган. У АҚШга грин-карта (Green Card) орқали қонуний равишда кириб келган.

Изоҳлар мавжуд емас