Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига киритилган янги ўзгартиришларга кўра, қимматбаҳо металлар ва тошларни ноқонуний сотиб олиш ёки сотиш учун жазо чоралари кескин кучайтирилди. Эндиликда бу турдаги ҳуқуқбузарликни такроран содир этган шахслар 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
Янги тартибга кўра, ушбу қонунбузарлик биринчи марта содир этилганда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 170-моддаси билан жазоланади. Бунда қимматбаҳо ашёлар мусодара қилиниб, ҳуқуқбузар 15 суткагача маъмурий қамоққа олинади ёки унга 10 дан 20 БҲМгача жарима солинади. Агар шахс маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида ушбу ишни қайта такрорласа, ҳолат жиноий таснифга ўтади ва 1 йилгача қамоқ, озодликни чеклаш ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари каби жазоларни келтириб чиқаради.
Шунингдек, қонунчиликда "қимматбаҳо металлар" ва "қимматбаҳо тошлар" тушунчаларига аниқ таъриф берилди. Олтин, кумуш, платина ва платина гуруҳи металлари (палладий, иридий, родий ва бошқалар) ҳар қандай ҳолатда — хом ашё, қуйма ёки чиқинди шаклида бўлишидан қатъи назар, ушбу тоифага киритилган. Қимматбаҳо тошлар рўйхатидан эса табиий олмос, ёқут, зумрад, сапфир, александрит ва табиий марварид жой олган.
Муҳим жиҳати шундаки, заргарлик ва маиший буюмлар ҳамда уларнинг парчалари (ломи) ушбу чекловлар доирасига кирмайди.
Бундан олдин Давлат хавфсизлик хизмати томонидан республиканинг қатор ҳудудларида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида қимматбаҳо металлар контрабандаси ва ноқонуний савдоси ҳолатлари аниқланганди. Мусодара қилинган қимматбаҳо буюмларнинг умумий қиймати, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 900 миллион сўмдан ошган эди.

Изоҳлар мавжуд емас