Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида тижорат банкидан ажратилган кредит маблағларини ўзлаштириш ҳолати фош этилди. Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан ўтказилган терговга қадар текширув натижаларига кўра, фуқаро жами 2,9 миллиард сўмлик кредит маблағларини ноқонуний йўллар билан талон-торож қилгани маълум бўлди.
Тергов жараёнида аниқланишича, гумонланувчи бошқа фуқаролар номига иккита компаия ҳамда битта фермер хўжалигини расмийлаштирган. Кейинчалик, ушбу корхоналарга чорва молларини сотиб олиш мақсадида тижорат банкидан кредит ажратилишига эришган.
Кредит маблағлари эвазига сотиб олинган чорва моллари эса мақсадли ишлатилмасдан, гумонланувчи томонидан нақд пулга сотиб юборилган ва маблағлар ўзлаштириб олинган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан олдин ҳам Поп ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалигида ўтказилган текширувлар натижасида ерларни ноқонуний сотиш, ижара пулларини ўзлаштириш ва табиий ресурсларни талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланганди.

Изоҳлар мавжуд емас