Загрузка
Загрузка
Ўзбекистонда кўчмас мулк бозорида ижара нархлари ошди
Жамият

Ўзбекистонда кўчмас мулк бозорида ижара нархлари ошди

16
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.  2026 йилнинг II чорагида Ўзбекистонда кўчмас мулк бозоридаги фаоллик барқарорлашди. Апрель–июнь ойларида мамлакат бўйича уй-жой олди-сотдиси билан боғлиқ 74,4 мингта битим расмийлаштирилган ва ижара бозорида эса талаб юқори даражада сақланиб қолган.

Марказий банк таҳлилига кўра, чоракнинг дастлабки ойларида битимлар сонида вақтинчалик пасайиш кузатилган. Бунга эскроу тизими жорий этилиши олдидан март ойида битимларнинг бир қисми олдиндан расмийлаштирилгани сабаб бўлган. Янги тартиб ишга тушгач, апрель–май ойларида бозор фаоллиги сусайган, июнь ойида эса қайта тикланган.

Ҳудудлар орасида битимлар сони энг кўп Хоразм вилоятида — 17,8 фоизга ошган. Навоий ва Сирдарё вилоятларида ўсиш қарийб 7,5 фоизни, Қорақалпоғистонда 6,1 фоизни ташкил этган. Тошкент шаҳрида битимлар сони 2 фоизга кўпайган. Фарғона, Бухоро, Жиззах, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида эса йиллик ҳисобда бироз пасайиш қайд этилган.

II чоракда ижара бозорида талаб юқори даражада сақланиб қолган. Июнь ойида кўп қаватли уйлардаги хонадонларнинг ижара нархи республика бўйича йиллик ҳисобда сўмда 7,1 фоизга, долларда эса 13 фоизга ошган.

Тошкент шаҳрида июнь ойида квартира ижарасининг ўртача таклиф нархи бир квадрат метр учун ойига 9,5 доллар, яъни тахминан 114 минг сўмни ташкил қилган. Бу сўмда 5,8 фоиз, долларда эса 11,6 фоизлик йиллик ўсишни англатади.

Марказий банк бу ҳолатни пойтахтда хизматлар соҳаси ва ишбилармонлик фаоллигининг кенгайиши, ички миграция ҳамда вақтинча яшашга бўлган эҳтиёж билан изоҳлаган.

Кўчмас мулк бозорининг яна бир сегменти — ер участкаларида эса аксинча, нархлар йиллик ҳисобда пасайган.

Июнь ойида Тошкент шаҳрида бир сотих ернинг ўртача таклиф нархи 292 миллион сўм атрофида бўлган. Бу 2025 йил июнига нисбатан 9 фоизга паст.

Шу билан бирга, май ойидаги кескин пасайишдан кейин июнда ер нархлари ойлик ҳисобда 2,6 фоизга тикланган.

Марказий банк Ўзбекистонда аҳолининг реал даромадлари 9 фоиздан ошгани сабаб уй-жойларга бўлган талаб ўсганини ҳам қайд этганди.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...