Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда сўнгги тўрт йилда 14 ёшга тўлмаган болаларга нисбатан содир этилган жинсий зўравонлик ҳолатлари юзасидан юзлаб жиноят ишлари қўзғатилган.
Бу ҳақда бугун, 29 сентябрь куни, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулрух Агзамова парламент ялпи мажлисида маълум қилди.
Статистикага кўра, мазкур турдаги жиноят ишларининг энг кўп сони 2024 йилда қайд этилган — 129 та. 2022 йилда 85 та, 2023 йилда 108 та ва 2025 йилда 123 та жиноят иши қўзғатилган.
Депутат Наманган вилоятида яқинда содир бўлган мудҳиш воқеа болаларга нисбатан оғир жинсий зўравонлик учун жиноий жазони янада кучайтириш заруратини кўрсатганини таъкидлади.
Айни пайтда Қонунчилик палатасида болаларга нисбатан зўравонлик ва жинсий тажовузлар учун жавобгарликни ошириш, жабрланганларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш ҳамда бу борадаги ҳуқуқий механизмларни кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси кўриб чиқилмоқда.
Аввалроқ Ўзбекистонда болалар ҳуқуқлари ва жинсий дахлсизлигини ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгани ҳақида хабар берилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас