Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Бугун, 29 сентябрь куни, Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида юқори натижаларни қўлга киритган спортчилар ҳамда уларнинг мураббийлари Президент Шавкат Мирзиёев томонидан муносиб рағбатлантирилди.
Мазкур қарорга кўра, Олимпиада чемпионлари Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Ёқуббоев, Муҳиддин Мадаминов ва Шамсиддин Воҳидовга, шунингдек парашахмат мусобақасида зафар қучган Аҳадхон Кимсанбоев, Марсель Шоюсупов, Сардорбек Мамараджабов, Селби Какишова ва Сирожиддин Зайниддиновга замонавий уй-жойлар ва Volkswagen автомобиллари топширилади. Шунингдек, терма жамоалар бош мураббийлари Рустам Қосимжонов ва Самандар Шермуҳаммадов ҳам янги автомобиллар билан мукофотланади.
Моддий рағбатлантириш кўлами ҳам салмоқли бўлиб, ҳар бир Олимпиада чемпионига 200 минг доллар, уларнинг мураббийларига эса 50 минг доллардан пул мукофоти берилади. Бронза медалига эга чиққан парашахматчиларнинг ҳар бири 50 минг доллар, уларнинг мураббийлари эса 12,5 минг доллар миқдоридаги мукофот пулларини қабул қилиб олишади. Давлат раҳбарининг таъкидлашича, ғолиб ва совриндорлар байрам кунининг ўзидаёқ янги хонадонларига кўчиб ўтиб, янги машиналарини ҳайдаб кетишади.
Бундан ташқари, мамлакатимизда шахмат спортини янада оммалаштириш ва келажак авлод вакилларини тайёрлаш бўйича муҳим ташаббуслар илгари сурилган. Хусусан, Тошкент халқаро шахмат академиясининг Самарқанд, Хоразм ва Фарғона вилоятларида секторлари ташкил этилиб, соҳа учун олий тоифали мураббийлар тайёрлаш йўлга қўйилади. FIDE рейтингида 1500 дан юқори балл тўплаган ёш шахматчиларнинг хусусий клубларда таълим олиш харажатларининг ярми давлат томонидан қоплаб берилади. Маҳаллий спортчиларнинг ўз юртимизда кучли рақиблар билан доимий равишда тажриба алмашишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Grand chess бренди остида халқаро турнирлар мунтазам равишда ўтказиб борилади. Шу билан бирга, Янги Тошкент ҳудудида 500 ўринли ўйин зали, ётоқхона ва спорт майдончаларини ўз ичига олган замонавий Шахмат саройи барпо этилиши белгиланди.
Маълумот учун, олдинроқ Самарқанд шаҳрида илк бор ўтказилган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ва 3-Парашахмат олимпиадасида юқори натижаларни қўлга киритган терма жамоа аъзолари, мураббийлар ҳамда соҳа мутахассислари Президент Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармонига мувофиқ давлат мукофотлари билан тақдирлангандилар.

Изоҳлар мавжуд емас