Загрузка
Загрузка
Ўзбекистонда аҳолининг реал даромадлари 9 фоиздан ошгани сабаб  уй-жойларга бўлган талаб ўсди
Иқтисод

Ўзбекистонда аҳолининг реал даромадлари 9 фоиздан ошгани сабаб уй-жойларга бўлган талаб ўсди

13
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.  Марказий банк эълон қилган сўнгги маълумотларга кўра, жорий йилнинг II чорагида мамлакатимиз кўчмас мулк бозорида юқори фаоллик кузатилиб, уй-жойларга бўлган талаб ҳам, таклиф ҳам мутаносиб равишда ўсиб борган.

Аҳолининг уй-жой харид қилиш имкониятини кенгайтириб, талабни рағбатлантирган асосий омиллардан бири даромадларнинг ортиши ва ипотека кредитлари бўлган. Мамлакатда аҳолининг реал даромадлари 9,2 фоизга, ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) эса 8,5 фоизга ошгани фуқароларнинг кўчмас мулк харид қилиш борасидаги молиявий имкониятларини янада мустаҳкамлаган. 

Барқарор ўсиш фонида йилнинг II чорагида 7,4 триллион сўмлик ипотека кредитлари ажратилган, бу эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 48 фоизга кўп демакдир. Биринчи ярим йиллик якунлари бўйича эса умумий ипотека ҳажми 13,1 триллион сўмга етди ва йиллик ҳисобда 38 фоизлик ўсишни ташкил этган.

Нархлар динамикасига тўхталадиган бўлсак, июнь ойи якунларига кўра, кўп қаватли уйлардаги хонадонлар нархи мўътадил ва барқарор суръатда қимматлашиб бормоқда. Хусусан, бирламчи бозорда нархлар сўм ҳисобида йиллик 6,2 фоизга (доллар эквивалентида 12 фоизга), иккиламчи бозорда эса сўм ҳисобида 6,3 фоизга (долларда 12,2 фоизга) кўтарилган. 

Марказий банк таҳлилчиларининг қайд этишича, пойтахт Тошкент шаҳрига қараганда вилоятларда уй-жой нархларининг ўсиш суръати жуда аниқ кўзга ташланмоқда. Бу ҳолат ҳудудлардаги нарх базасининг дастлаб паст бўлгани, маҳаллий талабнинг ортгани ҳамда қурилиш ва инвестиция фаоллигининг кенгаяётгани билан изоҳланади.

Шу билан бирга, бозорда таклиф ҳажми ҳам изчил равишда кенгайиб бормоқда. Январь–июнь ойлари давомида республика бўйича 7,7 миллион квадрат метр уй-жой фойдаланишга топширилиб, ўтган йилнинг мос давридаги кўрсаткичдан 7,2 фоизга ўзиб кетган. 

Соҳага йўналтирилаётган маблағлар ҳам салмоқли бўлиб, биринчи ярим йилликда турар-жой қурилишига 27,3 триллион сўм инвестиция киритилган. Бу эса яқин истиқболда ҳам бозорга янги ва сифатли уй-жойларнинг мунтазам чиқиб туришини таъминлашга хизмат қилади.

Илгари Ўзбекистоннинг 12 та агломерациясидаги 35 та шаҳар ва туманни қамраб олган тадқиқотда кўп қаватли уйлардаги хонадонлар, якка тартибдаги уй-жойлар ҳамда нотурар объектларнинг ўртача бозор нархлари ўрганилганди. Таҳлиллар энг қиммат ва энг арзон ҳудудлар ўртасидаги хонадон нархлари фарқи қарийб олти баробарни ташкил этишини кўрсатган эди. 

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...