Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Уй-жой инспекциясининг назорат рейдлари натижасида 2025 йилда кўп қаватли уйларга туташ ҳудудларда 1,9 мингта ноқонуний объект аниқланган. Уларнинг 730 дан ортиғи жойида бартараф этилган, 1 минг 200 та ҳолат бўйича судга даъво аризалари киритилган.
Бу ҳақда Ўзбекистон Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири парламент сўровига жавобан маълум қилди. Депутатлар вазирдан кўп қаватли уйларга туташ ҳудудлардаги яшил ҳудудлар, болалар ва спорт майдончаларини сақлаш ва ободонлаштириш, шунингдек, турар жойларга туташ ҳудудларни ноқонуний эгаллаб олишнинг олдини олиш бўйича вазиятни тушунтириб беришни сўраган.
Қайд этилганидек, бугунги кунда Ўзбекистон бўйича қарийб 44,3 мингта кўп қаватли уй бор. Уларнинг 39,8 мингтасига 970 дан зиёд бошқарув компанияси, 850 дан ортиғига 240 та уй-жой мулкдорлари ширкати хизмат кўрсатмоқда.
Президент қарорига кўра, кўп қаватли уйларга туташ ер участкаларининг чегаралари белгиланди. Маҳаллий ҳокимликлар ушбу ҳудудларни уй-жой мулкдорларига доимий фойдаланишга берди.
Бугунги кунда уларда 9,9 мингта болалар майдончалари, 2,3 мингта жамоат ҳожатхоналари ташкил этилган, қарийб 285 минг погон метр ирригация тармоқлари ва қарийб 7,8 миллион квадрат метр бетон йўлаклар ётқизилган.
Шунингдек, 2017-2024 йилларда 2 минг 700 та болалар майдончаси барпо этилган.
2026-2030 йилларда яна 1 минг 600 та болалар майдончаси, 474 та жамоат ҳожатхонаси қуриш, 176 минг погон метр суғориш тармоқлари ва 1 миллион 700 минг квадрат метр бетон йўлаклар барпо этиш режалаштирилган.
Депутатлар кўп хонадонли уйларга туташ ер участкаларини мулкдорларга доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида беришни тезлаштириш бўйича тавсиялар берди. Шунингдек, ободонлаштириш ишларидан сўнг дарахтлар, гуллар ва бошқа яшил майдонларни доимий равишда парвариш қилиш зарурлигини таъкидладилар.
Аввалроқ Ўзбекистонда рейтинг учун ходимларни ноқонуний ишга олган қурилиш компаниялари жазоланиши ҳақида хабар берилганди.

Изоҳлар мавжуд емас