Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Ўзбекистонда карантин чекловлари 1-августгача узайтирилди. Шу билан бирга, мамлакатда жамоат транспорти қатнови йўлга қўйилди, 15 июндан бошлаб кафе ва ресторанлар, хусусий болалар боғчалари фаолият кўрсатмоқда. Бу ўзи қандай карантин эканлигини мухбиримиз тушунишга ҳаракат қилди.
Узоқ карантин
Республика махсус комиссияси кеча карантин чекловларини 1 августгача узайтириш тўғрисида қарор қабул қилди.
Демак, бу фақат битта нарсани англатади - мамлакатни рангли ҳудудларга бўлиб бориш айнан шу вақтгача давом этади. Яъни, ҳар ҳафтада ёки ундан ҳам кўпроқ, Санитария-эпидемиология осойишталик агентлиги ҳудудларни "қизил", "сариқ" ва "яшил" ҳудудларга ажратиб, республика учун ўзининг "светофорини" чиқариб боради.
Бундан ташқари, жорий қилинган санитария-гигиена талаблари ушбу вақт давомида сақланиб қолади, яъни жамоат жойларида ниқоб нақиш ва ижтимоий масофа сақлаш шарт.
Фақат битта муҳим янгилик мавжуд - фаолият юритишига рухсат берилган ресторан ва кафелар, қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳасининг бошқа объектлари ҳудудларида касаллик юқтириладиган бўлса, карантин харажатларини мазкур объект эгалари томонидан қопланади.
15 июндан нималар ишлайди?
Кафелар, бозорлар ва болалар боғчалари
Шу вақтдан бошлаб "сариқ" ва "яшил" ҳудудларда хусусий болалар боғчаларига рухсат берилади. Давлат боғчалари 1 августгача очилмайди. Хусусий болалар боғчаларига қўйилган талабларни бу ерда кўриш мумкин. Эсда тутиш керакки, нафақат болалар боғчалари маъмурияти, балки ота-оналар ҳам коронавирус инфекциясини юқтирганлик учун жавобгар бўлади.
Шунингдек, "сариқ" ва "яшил" ҳудудларда кафе, ресторан ва овқатланиш жойларининг ишлашига рухсат берилган. Бу борада ҳам ўзининг нозик томонлари бор бўлиб, уларни бу ерда кўриш мумкин. Уларнинг соат 8:00дан 23:00гача ишлаши, стол ўртасида камида 2 метрли ижтимоий масофани сақлаш, битта стол атрофида энг кўпи билан 4 мижознинг бўлиши ва бошқалар шулар жумласиндандир.
15 июндан бошлаб Ўзбекистонда буюм бозорлари фаолиятини қайта тиклашга ҳам рухсат берилди. Ушбу қарор айниқса аҳолининг кўп қисмини хурсанд қилмай қўймади. Чунки, ушбу бозорларда аҳолининг бир қисми савдо қилса, қолгани эса харид қилади. Бозорларга қўйиладиган талабларни бизнинг материалимиздан кўриш мумкин.
Транспорт қатнови.
15 июндан бошлаб деярли барча турдаги транспорт қатновига рухсат берилмоқда.
"Сариқ" ва "яшил" ҳудудларда шаҳарлараро автобуслар ҳаракатлана бошлайди. Шунингдек, ҳудудлар ўртасидаги темир йўл қатнови тўлиқ тикланмоқда.
Ва ниҳоят, ўша вақтдан бошлаб халқаро парвозлар очилади. Ўзбекистонликларга даволаниш ёки чет элда ишлаш учун мамлакатдан чиқишга рухсат берилди. Келувчилар ўз навбатида уч тоифага бўлинади ва шуларга мувофиқ, 14 кунлик мажбурий карантинга олиш ёки олмаслик масаласи кўриб чиқилади.
Ниқоб шартми ёки йўқми?
Республика махсус комиссияси узоқ вақтдан буён муҳокама қилиб келинаётган савол, яъни машинада ҳайдовчининг ниқоб тақиши кераклиги ҳақидаги масалага аниқлик киритди.
Агар машинада йўловчилар бўлмаса, ниқоб тақиш шарт эмас. Бироқ, такси ҳайдовчилари бундан мустасно.
Барча ҳудудлар учун умумий талаблар
- деҳқон ва қурилиш бозорлари, озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат дўконларининг (супермаркетлар ва бошқа йирик дўконлар) кириш ва чиқиш жойларини пирометрлар ва антисептик воситалар билан жиҳозлаш, шунингдек ҳар-бир фуқаронинг тана ҳароратини ўлчаш ва 37°C ва ундан юқори ҳарорат бўлганда, уларни киритмаслик чораларини кўриш;
-барча ташкилотларни пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион "гиламчалар" билан жиҳозлаш, шунингдек тадбирларни ўтказишда ходимларнинг ижтимоий масофага (2 метр) риоя қилишларини таъминлаш;
- қурилиш ва таъмирлаш ишлари давомида, шунингдек санитария-гигиена тадбирлари давомида санитария-эпидемиология осойишталик марказлари билан ҳамкорликда тўлиқ карантинни таъминлаш.
Ҳозирча нималарга рухсат йўқ?
- таълим ташкилотлари фаолияти (мактаблар, лицейлар, коллежлар, техникумлар, институтлар, университетлар ва бошқалар);
- кўнгилочар масканлар фаолияти - тунги клублар, дискотекалар, массаж заллари ва спа, караоке, бильярд хоналари, кальянхонлар ва компьютер ўйин марказлари;
- театрлар ва кинотеатрлар фаолияти, концертлар ва спорт тадбирларини ўтказиш (профессионал футбол клублари ва Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси чемпионатларининг ўқув машғулотлари бундан мустасно).
Изоҳлар мавжуд емас