Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ўзбекистонда коронаинқироз мағлуб бўлганга ўхшайди. Пандемия ва глобал инқирозли ҳолатларнинг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш мақсадида тузилган Инқирозга қарши курашиш жамғармасини тугатиш бўйича ҳужжат қабул қилинган.
Бу чора президентнинг "Ўзбекистон Республикасининг 2021 йилги давлат бюджети тўғрисида"ги Қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида назарда тутилган.
Жамғарма 2021 йил 1 январдан тугатилади, Молия вазирлигига маблағларнинг ўзлаштирилмаган қисмини республика бюджетига ўтказиш топширилган.
2021 йилда коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашиш тадбирлари республика бюджетининг коронавирус пандемиясига қарши курашиш ва вакцина сотиб олиш харажатлари доирасида молиялаштирилади. Келгуси йилда мазкур маблағларнинг умумий ҳажми 3 триллион сўмни ташкил қилиши айтилган эди.
Эслатиб ўтамизки, жамғарма 2020 йилнинг март ойида 10 трлн. сўмлик захира билан ташкил этилган эди. Унинг маблағларидан, аввало, коронавирус тарқалишининг олдини олиш чора-тадбирларини молиялаштириш, тиббиёт муассасаларини дори-дармон, ҳимоя ва диагностика воситалари билан таъминлаш ҳамда карантин харажатларини ўз вақтида молиялаштириш учун фойдаланилган.
Изоҳлар мавжуд емас