Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Ўзбекистонда коронавирусни даволаш учун фавипиравир асосида дори воситасининг ишлаб чиқарилиши бошланади. Фрмацевтика тармоғини ривожлантириш Агентлигига ҳавола қилган ҳолда Batafsil.uz мухбирим маълум қилишича, янги дори воситаси “ковипир” деб номланади.
Ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг “Nobel Pharmsanoat” компанияси дори воситасини ишлаб чиқариш учун давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнини бошлади. Дори воситасининг патенти Япониянинг “Toyama Chemical” компаниясига тегишлидир.
“РНК сақловчи вирус (грипп, риновирус, нафас олиш тизими вируслари ва бошқа)ларга қарши кенг таъсир доирасига эга ушбу дори воситаси 2020-йил февраль ойидан бошлаб Японияда коронавирусга чалинган беморларни даволашда қўллана бошланган ва ўзининг самарадорлигини намоён қилган. Игарироқ шу ойнинг ўзида Хитойнинг “Zhejiang Hisun Pharmaceutical” компанияси уни "Фавилавир" ўхшаш савдо номи остида ишлаб чиқаришни бошлади. Россияда эса май ойидан эътиборан "Авифавир" номи билан унинг ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган”, - дея таъқидлади Nobel Pharmsanoat компаниясининг сифат бўйича директори Шамшод Шарипов,
Компания энг аввало, Ўзбекистонда ушбу дори воситасига мавжуд эҳтиёжларни қоплаб, хорижга экспортини ҳам амалга оширади.
“Фавипиравир” (“Авиган”) гриппни даволаш учун 2014 йилда Японияда рўйхатга олинган. Ишлаб чиқарувчи - Fujifilm Toyama Chemical компанияси ҳисобланади. Рўйхатга олиш маълум чекловларни ўз ичига олади, хусусан, гриппнинг янги вирусларига қарши ишлатишга, ҳаттоки бошқа дорилар фойда қилмаган тақдирда энг охирги чора сифатида қўллашга рухсат берилган.
Ғарб матбуотининг ёзишича, рўйхатга олиш жараёни қийин кечиб, уч йил давом этган. Бунинг сабаби шундаки, ушбу дори воситаси ёндош таъсир қилиши, яъни чақалоқларда мажруҳликни келтириб чиқариши мумкин бўлган. Шунинг учун препарат ҳомиладор ва эмизикли оналар учун таъқиқланган. Худди шу чеклов Россияда ишлаб чиқарилган “Авифавир”га ҳам тегишлидир.
Биологик фаол бўлган "Фавипиравир" моддаси бир қатор вирусларнинг кўпайишини олдини олади. Ундан хусусан, Африкада Эбола вирусини даволашда фойдаланилган. Тиббиёт ходимлари уни "Эбола" вирусига қарши АҚШда рўйхатга олинган "Ремдесивир"нинг японча версияси деб номлашади. Шу билан бирга, мазкур дори воситаси COVID-19ни даволаш учун ҳам самарали ҳисобланади.
2020 йил февраль ойидан бошлаб у Япония клиникаларида коронавирус билан касалланган беморларни даволаш учун ишлатилмоқда. Бу "Compassionate Use" дастури, яъни "раҳм-шафқат ёки инсонпарварлик нуқтаи назаридан қўллаш" доирасида амалга оширилмоқда. Препарат ўзининг бевосита мақсади – яъни гриппга қарши эмас, балким бошқа ҳеч нарса ёрдам бермаган тақдирда, коронавирусни даволаш учун қўлланилмоқда. Япония матбуотида эълон қилинган дастлабки натижаларга кўра, препарат коронавируснинг енгил шаклига дучор бўлганларга яхши ёрдам бериб, оғир ҳолатларда эса самарасиз ҳисобланади.
ДW томонидан сўралган немис мутахассислари Японияда ишлаб чиқарилган “Фавипиравир”нинг COVID-19га қарши самарадорлигини эҳтиёткорлик билан баҳолашмоқда.
"Ремдесивир” билан қиёсланадиган ушбу модда истиқболли бўлиб, унинг мавжудлиги яхши. Аммо бизнинг мезонларга мувофиқ унинг самарадорлиги бўйича расмий далиллар йўқ", - деди Кох ва Мечников номидаги Германия-Россия форуми бошқаруви раҳбари Хелмут Хан (Helmut Hahn).
Изоҳлар мавжуд емас