Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Исроил ҳукумати АҚШ Президенти Дональд Трампнинг тинчлик режасига мувофиқ Ғазо секторига кўп миллатли кучларни киритишнинг ҳуқуқий асосларини маъқуллади.
Бош вазир Беньямин Нетаньяху Вашингтонга жўнаб кетиши олдидан мамлакат хавфсизлик кабинети ушбу қарорни тасдиқлаган.
Манбаларга кўра, "Халқаро барқарорлик кучлари" деб номланган ушбу миссия таркибига Уганда ва Марокаш каби дўст мамлакатлардан 200 нафар ҳарбий киритилиши ва улар Исроил назоратида бўлмаган ҳудудларда жойлаштирилиши кўзда тутилган. Бунда ҳар бир контингентнинг Ғазога кириши учун Исроилнинг алоҳида розилиги талаб этилиши айтилган.
Аввалроқ Трамп томонидан Ғазода гуманитар ёрдамни кўпайтириш, бошқарувни фаластинлик технократларга топшириш, ҲАМАСни қуролсизлантириш ва Исроил қўшинларини олиб чиқишни назарда тутувчи тинчлик режаси илгари сурилган. Бироқ жараён тўхтаб қолгани сабабли Фаластинни бошқариш бўйича Миллий қўмита аъзолари ҳанузгача анклав ҳудудига кира олмаган.
Ҳозирда Исроил Ғазонинг 64 фоиз ҳудудини назорат қилмоқда, 2 миллионга яқин аҳоли эса қийин шароитларда, ҲАМАС назоратидаги тор қирғоқ бўйида яшашга мажбур бўлмоқда. ҲАМАС қуролни топширишдан бош тортгач, Исроил назорат ҳудудини 70 фоизгача кенгайтиришини маълум қилган ва ҳарбий зарбаларни давом эттирган. Тинчлик режасини амалга ошириш учун масъул бўлган Тинчлик кенгаши эса жараённи жонлантириш мақсадида Ғазода синов тариқасида гуманитар ҳудуд ташкил этишни режалаштирган.
Олдинроқ Ғазо ҳукумати секторнинг фуқаролик инфратузилмасини бошқарган қўмита раҳбари билан биргаликда қўмитани тарқатиб юборганини эълон қилганди.

Изоҳлар мавжуд емас