Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 2026 йил 15 апрелдан бошлаб UZCARD тўлов тизими банклар томонидан қарздорликни автоматик (акцептсиз) ечиб олиш тартибига минимал қолдиқ талабини жорий этади. Эндиликда фуқароларнинг карталаридан кредит ёки муддатли тўлов учун пул ечилганда, ҳисобда камида 3 базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ) миқдоридаги маблағ дахлсиз қолиши шарт.
Ушбу янги қоида фойдаланувчиларни маблағсиз қолишдан ҳимоя қилиш мақсадида жорий этилмоқда. Илгари банклар қарздорликни ёпиш учун картадаги бор маблағни қолдиқсиз ечиб олиши мумкин эди. Янги тартибга кўра, автоматик тўловлар фақат 3 БҲМдан ортиқча бўлган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади. Бу эса фуқароларга кундалик эҳтиёжлари учун минимал маблағ сақланиб қолишини кафолатлайди.
Тўлов тизими вакилларининг таъкидлашича, техник созлаш ишлари тўлиқ якунланган. Бироқ, мазкур чеклов мижоз томонидан бир марталик пароль (OTP) орқали тасдиқланган реквизитларга эга бўлган карталарга нисбатан татбиқ этилмайди.
Бу ўзгариш тизимни янада шаффоф қилиш ва мижозларнинг молиявий хавфсизлигини таъминлаш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда. Aкцептсиз ечиб олиш механизми одатда банклар олдидаги кредит ва бошқа молиявий мажбуриятларни автоматик сўндириш учун қўлланилади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ўзбекистон Марказий банки томонидан илгари сурилаётган Фуқаролик кодексига ўзгартириш киритиш тўғрисидаги лойиҳада кредит фоизларини ҳисоблашни тўхтатиш билан боғлиқ муҳим нормани бекор қилишни таклиф этилгани ҳақида хабар берган эдик.

Изоҳлар мавжуд емас