Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Самарқанд шаҳрида икки шахс тил бириктириб, иссиқхона ташкил қилиш учун ажратилган 2 гектар ер майдонини 490 минг долларга ноқонуний сотмоқчи бўлган вақтида қўлга олинди.
Маълумотларга кўра, 33 ёшли шахс Самарқанд туманида яшовчи 43 ёшли фуқаро билан келишиб, ушбу ерни харидорга сотиш ва "мансабдор танишлари" орқали ҳужжатларни расмийлаштириб беришни ваъда қилган. Бунинг учун у олдиндан 50 минг доллар талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар органлари ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда гумонланувчи 50 минг долларни олаётган пайтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда ҳар икки шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ ҳам ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Бухоро вилоятида ўз фирмасига тегишли ер майдонини 700 минг долларга сотмоқчи бўлган тадбиркорни қўлга олганди. Эркак 58 минг доллар миқдоридаги авансни олаётган вақтда жиноят устида қўлга тушган эди.

Изоҳлар мавжуд емас