Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Россиянинг Новосибирск шаҳрида оғир аҳволда қолиб кетган 7 нафар вояга етмаган бола Ўзбекистонга қайтарилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Миграция агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, икки нафар ўзбекистонлик аёлдан бири 5 нафар, иккинчиси 2 нафар фарзанди билан қийин ижтимоий шароитда қолиб кетган. Энг хавотирлиси, болаларнинг бирортасида шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаган.
Ҳолат юзасидан агентликнинг Россиядаги ваколатхонаси ҳамда Ўзбекистоннинг Бош консулхонаси томонидан зарур чоралар кўрилган. Болаларга Ватанга қайтиш гувоҳномалари расмийлаштирилиб, авиачипталар ташкил этилди ва уларнинг барчаси Ўзбекистонга қайтарилган.
Миграция агентлиги бу каби ҳолатлар жиддий хавф туғдиришини таъкидлаб, ота-оналарни масъулиятли бўлишга чақирган. Хусусан, чет элда ҳужжатсиз юриш, ноқонуний миграция йўлларини танлаш ва муаммоли вазиятларда вақтида мурожаат қилмаслик болалар тақдирига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги алоҳида урғуланган.
Агентлик фуқароларга мурожаат қилиб, хорижда мураккаб вазиятга тушиб қолган тақдирда зудлик билан 1282 қисқа рақами ёки huquqiy_yordam_uzbot орқали ёрдам сўрашни тавсия қилган.

Изоҳлар мавжуд емас