Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда майда ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарликни бекор қилишни назарда тутувчи хусусий айблов институтини жорий этиш тўғрисидаги қонун кучга кирди. Бундан буён бу каби ишлар фақат жабрланувчининг аризасига кўра қўзғатилади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар киритадиган тегишли қонун президент томонидан 10 июль куни имзоланган.
Маъмурий жавобгарлик бекор қилинадиган ҳуқуқбузарликлар сирасига қуйидагилар киради: телефон-автоматларга шикаст етказиш, шунингдек, радиоузатиш станцияларини рухсатсиз ўрнатиш ва улардан фойдаланиш. Бундан ташқари, айрим маъмурий ҳуқуқбузарликлар (хусусан, туҳмат, ҳақорат ва бошқалар) учун фақат жабрланувчининг аризасига кўра жавобгарликка тортилади.
Бироқ жабрланувчи ночор аҳволдалиги, вояга етмаганлиги ёки бошқа сабабларга кўра ўз ҳуқуқларини ўзи ҳимоя қила олмаса, ваколатли идоранинг мансабдор шахси унинг аризасисиз иш юритишни бошлайди.
Эслатиб ўтамизки, май ойида депутатлар майда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритишда хусусий айблов институтини жорий этишни маъқуллаган эди.

Изоҳлар мавжуд емас