Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Мухбиримиз хабар беришича, Ўзбекистонда ноқонуний дарахт кесиш учун жарималар оширилган.
Мазкур янгилик бир кун аввал Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида" ги қонунда назарда тутилган.
Ҳужжат Жиноят кодексининг 198-моддаси (экинлар, ўрмонлар ёки бошқа экинзорларга зарар етказиш, нобуд бўлиши)га ўзгартириш киритган.
Эндиликда катта зарар етказиш, яъни ўрмон, дарахтлар ёки бошқа ўсимликлар ноқонуний кесиш - базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан бир юз эллик бараваригача жаримага тортиш ёки икки юз қирқ соатдан уч юз соатгача мажбурий жамоат ишларига ёки бир йилдан икки йилгача ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилиш ёки уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Илгари, бу қонунбузарлик базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан етмиш бараваригача жарима қилиш ёки икки юз қирқ соатдан уч юз соатгача мажбурий жамоат ишларига ёки бир йилдан икки йилгача ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилиш ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланар эди.
Шу билан бирга, Маъмурий Кодекснинг 79-моддасига (дарахт, бута, бошқа ўсимлик ва экинларни ноқонуний шикастлаш, йўқ қилиш) ҳам ўзгартиришлар киритилди.
Энди бу каби қонунбузилиш маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил ичида қайта содир этилса, фуқароларга БҲМнинг ўн бараваридан йигирма бараваригача (илгари 10 – 15 баравар эди), мансабдор шахсларга БҲМнинг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача (илгари 15 – 20 баравар эди) жарима солиш, қонунбузилиш ёки маъмурий жиноятнинг бевосита предмети бўлган ашёни мусодара қилиш билан жазоланади.
Шу билан бирга, юридик шахсларга қарашли ёки уларга бириктирилган ҳудудлардаги дарахтларни муҳофаза қилиш ва асраш бўйича қонунда белгиланган чора-тадбирларни бажармаслик - мансабдор шахсларга БҲМнинг ўн бараваридан йигирма бараваригача жарима солишга сабаб бўлади.
Эслатиб ўтамизки, аввалроқ Давлат экология қўмитаси мутахассислари дарахтларни кесиш бўйича ўрнатилган мораторий муддатини узайтириш ва Тошкент шаҳар ободонлаштириш бошқармаси қошида ўсимликларни ҳимоя қилиш ва қўриқлаш Хизматини ташкил этиш бўйича таклифлар тайёрлашган эди. Ушбу таклифлар Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилган.
Изоҳлар мавжуд емас