Загрузка
Загрузка
Ўзбекистонда нодавлат ОТМларда таҳсил олаётган талабалар улуши давлат олийгоҳлари кўрсаткичига тенглашмоқда
Жамият

Ўзбекистонда нодавлат ОТМларда таҳсил олаётган талабалар улуши давлат олийгоҳлари кўрсаткичига тенглашмоқда

45
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.  Мамлакатимизда нодавлат ва хусусий олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар сони сезиларли даражада ортиб, давлат ОТМларидаги кўрсаткичга жуда яқинлашиб қолди.

Расмий статистика маълумотларига кўра, бугунги кунда республикадаги умумий 1 846 235 нафар талаба таҳсил олмоқда. Шундан 808 минг 562 нафари (43,8 фоизи) нодавлат олий таълим муассасалари ҳиссасига тўғри келмоқда. Таққослаш учун, давлат ОТМларида таҳсил олаётганлар улуши 988 849 нафарни ташкил қилади (53,6 фоиз), хорижий олийгоҳлар филиалларида эса 48824 нафарни (2,6 фоиз) ташкил этмоқда.

Айтиш жоизки, мамлакатда фаолият юритаётган жами 205 та олий таълим муассасасидан 99 таси (48,3 фоиз) давлат, 74 таси (36,1 фоиз) нодавлат ва 32 таси (15,6 фоиз) хорижий ОТМлар ҳисобланади. Олий таълим тизимида жами 51 263 нафар профессор-ўқитувчи меҳнат қилмоқда.

Талабалар контингентининг жинс таркиби бўйича 55,4 фоизини аёллар, 44,6 фоизини эса эркаклар ташкил этган. Талабаларнинг 85 фоизи 30 ёшдан кичик бўлиб, асосий қисми — 94 фоизи бакалавриат босқичида, қолган қисми магистратура ва ординатурада таҳсил олмоқда.

Таълим шакли бўйича талабаларнинг асосий қисми кундузги ва сиртқи йўналишларда ўқимоқда, шунингдек, кечки ва масофавий таълим шакллари ҳам йўлга қўйилган. Молиялаштириш тизимида эса тўлов-шартнома устуворлик қилмоқда — 1 миллион 666 минг 088 нафар талаба контракт тўламоқда, бор-жоғи 180 147 нафари эса давлат гранти бўйича билим олмоқда.

Ҳудудлар кесимида қаралганда, талабалар сони бўйича энг юқори кўрсаткичлар Самарқанд вилояти (191 524 нафар), Қашқадарё вилояти (191 450 нафар) ҳамда Тошкент шаҳрида (189 188 нафар) қайд этилган.

Эътиборлиси, талабалар сони энг кўп бўлган Топ-5 талик ОТМлар рўйхатига фақатгина 1 та давлат университети — Тошкент давлат иқтисодиёт университети 47 минг 523 киши билан кирган. Қолган 4 та ўринни эса нодавлат олий таълим муассасалари: Осиё халқаро университети (44 минг 678 нафар), Термиз иқтисодиёт ва сервис университети ( 41 минг 524 нафар), Тошкент Кимё халқаро университети ( 47 минг 741 нафар)  ҳамда University of Business and Science (33 минг 850 нафар) эгаллаган.

Олдинроқ Ўзбекистонда олий маълумотли бўлишни мақсад қилган ёшлар сафи кескин кенгайиб, талабалар сони 35 йил ичида деярли 4,6 бараварга кўпайгани ҳақида хабар қилган эдик.


Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...