Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ўзбекистонда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари шокерлардан фойдаланишни бошлаган. Электротўппонча ва электротаёқлар Россиядан сотиб олинган. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.
Айни пайтда Ўзбекистон ИИБнинг деярли барча бўлимлари электрошокерлар билан таъминланган. Улар ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига нима учун зарурлиги ва қайси ҳолатда фойдаланиш мумкинлиги масалаларига аниқлиқ киритишга ҳаракат килдик.
Қонун бор
ИИБ ходимлари томонидан махсус воситалар, шу жумладан электрошок қурилмалари (ЭШҚ)дан фойдаланиш учун “Ички ишлар идоралари тўғрисида”ги қонун асос вазифасини бажаради, мазкур қонуннинг 21 ва 23 моддаларида жисмоний куч, махсус воситалар ва ўқотар қуролдан фойдаланиш тартиби ва шартлари белгилаб қўйилган.
Мазкур қонун асосида ички ишлар вазирининг буйруғи қабул қилиниб, унда ички ишлар ходимлари томонидан электрошокерлардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги кўрсатмалар тасдиқланган.
ЭШҚдан ким фойдалана олади
Шокерлардан фойдаланишга фақат махсус тайёргарликдан ўтганлигини тасдиқловчи гувоҳнома олган ходимларга рухсат берилади. Ушбу ҳужжат Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган ҳолда ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланади.
ИИБ ходими қуйидаги ҳолатларда электрошокердан фойдаланиш ҳуқуқига эга:
-
фуқаро ёки ички ишлар органи ходимига қилинган ҳужумни қайтариш;
-
жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш;
-
ички ишлар органи ходимига қилинган қаршиликларнинг олдини олиш;
-
жиноят содир этишда ёки унинг содир этилганидан кейин қочиб кетишга уринган шахсни ушлаш;
-
қуролли қаршилик кўрсатиши мумкин бўлган шахсни ушлаш;
-
мажбуран ушлаб турилган шахсларни, босиб олинган биноларни, иншоотларни, транспорт воситалари ва ер участкаларини озод қилиш;
-
фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи оммавий тартибсизликлар ва бошқа ноқонуний ҳаракатларнинг олдини олиш.
Шунингдек, ҳуқуқ-тартибот ходими қўриқланаётган объектларни ҳимоя қилишда, ноқонуний ҳаракатлар содир этаётган фуқаролар гуруҳлари ҳаракатини тўсишда, бошқаларга ёки ўзига зарар етказиш ёки қочишга уринишнинг олдини олиш мақсадида ушлаб турилган ва камоққа олинган шахсларни олиб бориш, кузатиш ва қўриқлашда фойдаланиши мумкин.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон ички ишлар бўлимларининг деярли барча бўлинмалари электрошокерлар билан таъминланган.
Пост-патрул хизматини амалга ошириш, шунингдек, жамоат тартибини таъминлаш билан шуғулланувчи ҳуқуқ-тартибот ходимлари ЭШҚ билан қуроллантирилади.
Электрошокерлар Россиянинг “Мартъ” корхонаси томонидан ишлаб чиқарилади.
Изоҳлар мавжуд емас