Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Адлия вазирлиги томонидан Педагогика соҳасидаги талабаларнинг билимларини ташқи диагностикадан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом давлат рўйхатидан ўтказилди. Янги тартибга кўра, соҳада кадрлар тайёрлаш сифатини баҳолаш мақсадида олий таълим муассасалари талабаларининг билим даражаси синовдан ўтказилади.
Мазкур ташқи диагностика ҳар ўқув йилида бир марта, педагогика йўналишларида таҳсил олаётган 3-босқич талабалари ўртасида тест синовлари шаклида ташкил этилади. Тест синовлари 50 та саволдан иборат бўлиб, уларни бажариш учун 45 дақиқа вақт ажратилади. Натижалар максимал 100 баллик тизимда (ҳар бир тўғри жавоб учун 2 баллдан) баҳоланади.
Жараённи ташкил этиш учун ҳар ўқув йилининг сентябрь ойида Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг буйруғи билан камида 5 нафар малакали мутахассисдан иборат ишчи гуруҳ тузилади. Диагностика якунларига кўра, ўртача 56 балл ва ундан юқори натижа қайд этган таълим йўналишлари "талабларга жавоб берадиган", 56 баллдан паст кўрсаткич қайд этган йўналишлар эса "талабларга жавоб бермайдиган" деб баҳоланади.
Қайд этиш лозимки, ушбу ташқи диагностика натижалари талабаларнинг жорий ўзлаштириш кўрсаткичлари ва рейтинг балларига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди. Тест синовларидан кўзланган асосий мақсад мамлакатда педагог кадрлар тайёрлаш сифатининг умумий ҳолатини таҳлил қилишдан иборатдир.
Олдинроқ "Ижтимоий реестр"га киритилган оилалар фарзандлари учун тўлов-контракт суммасининг бир қисмини "Ёшлар дафтари" жамғармаси ҳисобидан қоплаш тизими жорий этилгани ҳақида хабар берган эдик. Мазкур ёрдам 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган талабалар ва ўқувчилар учун молиявий енгиллик яратишга қаратилган бўлиб, онлайн ариза топшириш имконияти my.gov.uz портали орқали амалга оширилади.

Изоҳлар мавжуд емас