Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда болалар ҳуқуқлари, ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилишни янги босқичга олиб чиқувчи муҳим қонун кучга кирди. Президент томонидан имзоланган янги ҳужжат билан бир вақтнинг ўзида 5 та кодекс ва 6 та қонунга кескин ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилди. Бу ҳақида Саида Мирзиёева маълум қилди.
Янги тартибга кўра, болаларга нисбатан содир этилган ҳар қандай зўравонлик учун жазонинг муқаррарлиги ва муросасизлиги таъминланади.
Ҳужжатда белгиланишича, боланинг ўлимига сабаб бўлган ёки унга жисmоний ва руҳий азоб етказган ҳар бир шахс — у хоҳ таълим муассасаси ходими, хоҳ яқин қариндоши бўлсин — истисносиз жавобгарликка тортилади. Энг муҳими, болалар ўлимига олиб келган жиноятлар бўйича тайинланган жазоларни енгиллаштириш амалиёти тўлиқ бекор қилинади.
Хусусан, 14 ёшга тўлмаган болаларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод қамоқ жазоси тайинланади.
Шу билан бирга, бу каби оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этганларни жавобгарликка тортиш бўйича даъво муддати чеклови олиб ташланган.
Ушбу қонунчилик ислоҳоти болалар хавфсизлиги ва дахлсизлигини ҳеч қандай шарт-шароитга боғламай, уларнинг ор-номуси, соғлиғи ва ҳаётига тажовуз қилган ҳар қандай шахс муқаррар ва оғир жазодан қочиб қутула олмаслигини мустаҳкамлайди.
Аввалроқ Сенатнинг 20-ялпи мажлисида вакиллар томонидан болаларга нисбатан жиноятларнинг олдини олиш мақсадида педофилия учун хирургик кастрация амалиётини жорий этиш таклифи илгари сурилганди.

Изоҳлар мавжуд емас