Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда вақтинча бошқа жойда яшаган ёки хорижда бўлган қарийб 800 минг нафар фуқаронинг коммунал хизматлар учун ҳисобланган қарздорлиги қайта ҳисоб-китоб қилинди. Натижада улар фойдасига қарийб 22 миллиард сўм асоссиз қарздорлик қайта ҳисобланди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар берди.
Қўмита тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда республика бўйлаб ўтказган ўрганишларда фуқароларнинг вақтинча яшаш жойи ўзгаргани ёки хорижда бўлгани ҳақидаги маълумотлар коммунал хизмат кўрсатувчи корхоналар тизимида тўлиқ акс этмагани аниқланган. Шунингдек, янги абонентлар ҳақидаги маълумотлар ҳам тизимга киритилмаган ҳолатлар кузатилган.
Хусусан, ўрганишлар давомида тегишли даврда маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизмати кўрсатилмаган қарийб 800 минг нафар фуқаро аниқланган. Ичимлик суви таъминоти бўйича ҳисоблагич ўрнатилмаган хонадонларда эса қарийб 100 нафар фуқаро яшамагани маълум бўлган.
Амалдаги меъёрий ҳужжатларга кўра, абонентлар сонидаги ўзгаришлар тасдиқловчи ҳужжатлар билан тасдиқланса, қайта ҳисоб-китоб шахслар сони ўзгарган санадан бошлаб амалга оширилади. Бундай ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда эса, қайта ҳисоб-китоб ўтган уч ой учун амалга оширилади.
Рақобат қўмитаси коммунал хизматлар соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида биллинг тизимларини миграция маълумотлари базалари билан интеграция қилишни таклиф этди. Шунингдек, хорижда бир ойдан ортиқ бўлган абонентлар ва улар билан яшовчи шахслар учун Ўзбекистонга қайтгунига қадар ҳар ойлик қайта ҳисоб-китоб тизимини жорий этиш бўйича тегишли идораларга таклифлар киритилди.
Олдинроқ Наманган сув таъминоти 1 миллиард сўмдан зиёд асоссиз даромад олгани аниқланганди.

Изоҳлар мавжуд емас