Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 2035 йилга бориб ҳукуматлар шошилинч чораларни кўрмаса, ер юзи аҳолисининг 51 фоизидан ортиғи (4 миллиарддан зиёд киши) ортиқча вазн ёки семизликдан азият чекишни бошлайди. Бу ҳақда Семизликка қарши кураш жаҳон федерациясининг глобал тадқиқотида маълум қилинди.
Мутахассисларнинг баҳолашича, 2023 йилнинг ўзидаёқ сайёрадаги 2,6 миллиард киши (дунё аҳолисининг 38 фоизи) ушбу муаммога дуч келган.
Тадқиқотда алоҳида урғу берилишича, энг хавотирли динамика болалар ва ўсмирлар ўртасида кузатилмоқда. 2035 йилга бориб ўғил болалар орасида семизлик кўрсаткичи 100 фоизга, қизлар орасида эса 125 фоизга ошиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, ушбу ҳолат нафақат саломатликка, балки глобал иқтисодиётга ҳам оғир юк бўлиб тушади.
Ҳисоб-китобларга кўра, ортиқча вазн билан боғлиқ тиббий харажатлар ва меҳнат унумдорлигининг пасайиши сабабли етказиладиган йиллик иқтисодий зарар 2035 йилга бориб 4,32 триллион долларга етиши ёки дунё ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) қарийб 3 фоизини ташкил этиши мумкин.
Экспертлар семизлик саратон ва юрак-қон томир касалликлари хавфини кескин ошириши ҳамда руҳий саломатликка салбий таъсир кўрсатишидан огоҳлантирмоқда.
Муаммо айниқса ривожланаётган ҳамда паст ва ўрта даромадли мамлакатларда тез суръатлар билан томир отмоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, Марказий Осиё минтақасида ҳам вазият жиддийлигича қолмоқда.
Xусусан, Ўзбекистонда катта ёшдаги аҳолининг қарийб 64 фоизи ортиқча вазнга эга ёки семизликдан азият чекади.
Кенг миқёсли инқирознинг олдини олиш учун ташкилот ҳукуматларни зарарли маҳсулотлар рекламасини чеклашга, таркибида ёғ ва шакар миқдори юқори бўлган товарларга қўшимча солиқлар жорий этишга ҳамда мактабларда соғлом овқатланишни таъминлашга чақирмоқда.
Аввалроқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 18 ёшдан ошган аҳолининг 64 фоизи ортиқча вазнга эканлиги ҳақида хабар берилганди.

Изоҳлар мавжуд емас