Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Актёр, блогер ва санъаткор Билол Исхаков Тошкент шаҳар жиноят суди биноси ичида туғишган акаси калтаклангани акс этган видеони ижтимоий тармоғига жойлади. У видеода муштлашув акс этганини, воқеа пайтида ҳодисани тўхтатиши керак бўлган ички ишлар ходими эса четга чиқиб кетганини айтди. Исхаков ушбу ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва оиласи дуч келган муаммоларни ҳал қилишда ёрдам сўраб, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёевага мурожаат қилди.
Актёр видеога берган изоҳида суд биноси ичида қора кийимдаги шахс унинг оқ футболкада бўлган акасига зарба берганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, воқеа вақтида ички ишлар ходими муштлашувни тўхтатиш ўрнига ҳодиса жойидан кетган. Исхаков бу ҳолат юзасидан масъул идоралардан изоҳ ва ҳуқуқий баҳо кутаётганини билдирган.
Шунингдек, Исхаков Мирзо Улуғбек тумани ички ишлар органлари ва прокуратураси фаолиятидан норози эканини айтган. Унинг таъкидлашича, Худоёр Зупаров ва унинг шерикларига нисбатан Жиноят кодексининг 168, 165, 277 ва 228-моддалари бўйича иш юритилмоқда. Актёр иш бўйича мавжуд суд-тиббий ва хатшунослик экспертизалари хулосаларига қарамай, тергов жараёни чўзилаётганини даъво қилган.
Исхаковнинг айтишича, 2026 йил 23 сентябрь куни Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов, шаҳар прокурори Анвар Ўрмонов ва ички ишлар бош бошқармасига шикоят билан мурожаат қилган. У ҳоким ва шаҳар прокурори билан учрашганини, улар туман прокуратурасига ишни кўриб чиқиш бўйича топшириқ берганини билдирган. Бироқ, актёрнинг сўзларига кўра, оиласи шикоят қилаётган масала ҳануз ҳал этилмаган.
Бундан ташқари, Билол Исхаков оиласи икки йилдан бери уй-жойсиз қолаётганини айтиб, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларидан уларнинг ҳолатини ўрганишда ёрдам сўраган. У оиласига ортиқча имтиёз ёки алоҳида муносабат талаб қилмаётганини, фақат шикоятлари қонуний тартибда кўриб чиқилиши ва муаммоларига адолатли ечим топилишини исташини билдирган.
Ҳозирча суд биносидаги муштлашув, ички ишлар ходимининг ҳаракатлари ва Исхаков билдирган бошқа даъволар юзасидан масъул идораларнинг расмий муносабат билдирмаган.
Аввалроқ театр ва кино актёри Мусулмон Юнусов ижтимоий тармоқларда вояга етмаган, ногиронлиги бўлган қизига ногиронликни қайта расмийлаштириш жараёнида ундан 300 доллар сўралганини маълум қилганди. У ҳолатни текшириш ва масъулларга чора кўришни сўраб, Шаҳноза Мирзиёевага видеомурожаат йўллаган эди. Кейинчалик унинг ногиронлиги бўлган вояга етмаган қизи бўйича мурожаати ўрганилиб, 3 сентябрь куни ўтказилган қайта кўрик натижасида унга 18 ёшгача ногиронлиги бўлган ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож бола сифатида хулоса берилган.

Изоҳлар мавжуд емас