Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Фарғона вилоятининг Фурқат туманида ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган йигит BMW автомобилида юқори тезликда ҳаракатланиб, бошқарувни йўқотиши оқибатида мудҳиш йўл-транспорт ҳодисасига учради. Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабарига кўра, оғир тан жароҳатлари олган ҳайдовчи воқеа жойида вафот этган.
Маълум қилинишича, марҳум илгари ҳам тегишли ҳужжатларсиз автомобиль бошқаргани учун инспекторлар томонидан огоҳлантирилиб, унга нисбатан қонуний чоралар кўрилган бўлган. Бироқ у огоҳлантиришларга қарамай, яна рулга ўтирган.
Нохуш ҳодиса Бешариқ туманидан Қўқон шаҳри томон йўналишдаги кескин бурилишда содир бўлган.
Автомобилда бўлган йўловчининг сўзларига кўра, машина соатига 100 километрдан юқори тезликда ҳаракатланган ва бошқа транспорт воситасини қувиб ўтиш (қувиб ўтиш қоидасини бузиш) вақтида ҳайдовчи бошқарувни йўқотган.
Натижада BMW аввал йўл чеккасидаги огоҳлантирувчи ва бетон устунларга, сўнг дарахтга урилиб, ариққа ағдарилган.
Тўқнашув оқибатида олд ойнадан отилиб кетган йўловчи омон қолган, бироқ ҳайдовчи олган жароҳатлари туфайли воқеа жойида ҳаётдан кўз юмган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарёда 10-синф ўқувчиси автоҳалокатда ҳалок бўлганди.

Изоҳлар мавжуд емас