Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида 10 ёшли боланинг ўлими билан якунланган йўл-транспорт ҳодисасини содир этган Ички ишлар вазирлиги ходимига нисбатан суд ҳукми ўқилди. Суд ҳужжатлари билан Batafsil.uz мухбири танишиб чиқди.
Ҳодиса 2026 йилнинг 5 апрель куни соат 11:20 атрофида содир бўлган. Аниқланишича, ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармасининг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ходими ўзига бириктирилган Nexia-2 хизмат автомобилида иккинчи даражали кўчадан ҳаракатланиб келиб, "Стоп" йўл белгиси талабига риоя этмаган ҳолда асосий йўлга чиқиб кетган.
Оқибатда хизмат машинаси асосий йўлдан келаётган Cobalt автомобилининг чап томонига бориб урилган. Авария натижасида 10 ёшли бола олган жароҳатлари туфайли вафот этган.
Суд тергови давомида айбланувчи ходим машинанинг тормози ишламай қолганини айтиб, айбини хаспўшлашга уринган.
Бироқ ўтказилган суд-техник экспертизаси тўқнашувга қадар автомобилнинг тормоз ва рул бошқарув тизимлари тўлиқ соз ҳолатда бўлганини, носозликлар эса айнан кучли зарба оқибатида юзага келганини исботлаган.
Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг ҳукми билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (одам ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан айбли деб топилган ва унга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Чирчиқда пора олиб, жиноятни яширган собиқ ИИБ раҳбари ва инспектори 6 йилга озодликдан маҳрум этилганди.

Изоҳлар мавжуд емас