Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Мухбиримиз хабар қилишича, Ўзбекистонда порнография, шафқатсизлик ва зўравонликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тарқатиш учун жарималар бир неча баравар ошган.
Мазкур чора “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунида назарда тутилган.
Бундан кейин порнографик маҳсулотларни тайёрлаш, тарқатиш (шу жумладан ОАВ ва интернетда) ва Ўзбекистон ҳудудида олиб кириш учун фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан тўрт юз барваригача, мансабдор шахсларга эса юз бараваридан тўрт юз эллик бараваригача жарима солиниши мумкин. Шу билан бирга, порноргафик маҳсулот, уни тайёрлаш, тарқатиш, реклама ва тақдимот қилиш воситаларини ҳам мусодара қилиш белгиланган.
Таъкидлаш лозимки, илгари жарима миқдори фуқаролар учун БҲМнинг 100 баравари, мансабдор шахслар учун 150 бараварини ташкил қиларди.
Бундан ташқари, зўравонлик ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотларни тайёрлаш, тарқатиш (шу жумладан ОАВ ва интернетда) ва Ўзбекистон ҳудудида олиб кириш учун фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан тўрт юз бараваригача, мансабдор шахсларга эса юз бараваридан тўрт юз эллик бараваригача жарима солиниши ҳамда маҳсулот мусодара қилиниши мумкин.
Илгари жарима миқдори фуқаролар учун БҲМнинг 100 баравари, мансабдор шахслар учун 150 бараварини ташкил қилган.
Шу билан бирга, қонунчиликда “порнографик маҳсулот” атамасига аниқлик киритилган.
Бундан кейин порнографик маҳсулот деганда компьютер технологиялари ёрдамида яратилган, бадиий аҳамиятга эга бўлмаган, илмий, тиббий ёки таълим мақсадларини ўзида мужассам этмаган, инсон жинсий аъзоларининг фото, видео ёки бошқа кўринишини тавсифлайдиган ёки одам томонидан ҳақиқатдан бажарилаётган ёки унга ўхшатилган жинсий алоқани акс этган порнографик асар, шунингдек материал ёки буюмлар тушунилади.
Изоҳлар мавжуд емас