Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон аҳолиси саломатлик билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишда рақамли воситалардан тобора кўпроқ фойдаланмоқда. Сўровда қатнашганларнинг 52 фоизи мамлакат соғлиқни сақлаш тизими уларни рақамли воситалар ва хизматлар билан яхши таъминлаётганини билдирган. Бу кўрсаткич тадқиқот қамраб олган 20 мамлакат бўйича ўртача 28 фоизлик натижадан деярли икки баравар юқори. Бу ҳақда STADA Health Report 2026 тадқиқотида маълум қилинган.
Аҳолининг рақамли имкониятларга берган юқори баҳоси соғлиқни сақлаш соҳасида сунъий интеллектдан фаол фойдаланиш билан ҳамоҳанг. Мамлакат аҳолисининг 55 фоизи саломатлик билан боғлиқ масалаларда сунъий интеллектга мурожаат қилади. 35 ёшгача бўлган ёшлар орасида бу кўрсаткич 69 фоизга етади.
Шу билан бирга, янги технологиялар анъанавий тиббиётни тўлиқ алмаштираётгани йўқ. Сўров иштирокчиларининг 21 фоизи шифокор қабулидан кейин қўшимча «иккинчи фикр» олиш учун сунъий интеллектдан фойдаланишини айтган. Дунё бўйича бу кўрсаткич 16 фоизни ташкил этади.
Шунингдек, 15 фоиз респондент сунъий интеллектдан шифокор томонидан қўйилган ташхисни тушуниш ва талқин қилиш учун фойдаланади.
Сўровда қатнашганларнинг қарийб ярми ҳозирча шифокор маслаҳатларидан тўлиқ воз кечиб, алгоритмлар билан мулоқотга ўтишга тайёр эмас. Аксинча, 38 фоиз иштирокчи технологиялар ривожлангани сари шифокор касбининг аҳамияти ва унга бўлган ишонч янада ошади, деб ҳисоблайди. Дунё бўйича бундай фикрда бўлганлар улуши 30 фоизни ташкил этади.
Рақамлаштиришга тайёрлик фармацевтика соҳасида ҳам намоён бўлмоқда. Респондентларнинг 49 фоизи дори-дармонларни онлайн дорихоналар орқали харид қилишга ёки рецептларни бошқаришни рақамли хизматларга ишониб топширишга тайёр. Шунингдек, 29 фоиз иштирокчи келажакда мутахассислар маслаҳати асосан онлайн форматга ўтишини тахмин қилган.
Дорихона соҳасида энг кўп талаб қилинаётган хизматлар қаторида дори-дармонларни уйга етказиб бериш (37 фоиз), мутахассис билан 24 соат давомида маслаҳатлашиш имконияти (33 фоиз) ҳамда индивидуал саломатлик текширувидан ўтиш (23 фоиз) қайд этилган.
Технологияларга бўлган юқори ишонч аҳолининг давлат соғлиқни сақлаш тизими фаолиятига ижобий муносабати фонида шаклланмоқда. Ўтган бир йил давомида тизим ишидан мамнун бўлган фуқаролар улуши 13 фоиз пунктга ошиб, 82 фоизга етган. Тадқиқотда иштирок этган 20 мамлакат бўйича ўртача кўрсаткич эса 56 фоизни ташкил қилган.
Тизим ишидан тўлиқ мамнун бўлганлар улуши ҳам 2025 йилдаги 7 фоиздан 2026 йилда 22 фоизга ошган.
Респондентлар дори-дармонларга етиб бориш имкониятини (65 фоиз), инқирозли даврларда кўрсатиладиган ёрдамни (64 фоиз), кексаларга ғамхўрликни (62 фоиз) ва профилактик тиббий ёрдам кўрсатилишини (57 фоиз) ижобий баҳолаган.
Бироқ рақамли технологиялардан фойдаланиш бўйича юқори кўрсаткичлар профилактика соҳасидаги жиддий тафовутни ҳам кўрсатмоқда. Ўзбекистондаги респондентларнинг 48 фоизи мавжуд профилактик тиббий кўрикларнинг бирортасидан ҳам ўтмайди. Тадқиқотдаги ўртача жаҳон кўрсаткичи эса 33 фоизни ташкил қилади.
Сўнгги йилларда профилактик текширувларни эътиборсиз қолдираётганлар улуши изчил ошиб бормоқда: 2023 йилда 25 фоиз бўлган кўрсаткич 2025 йилда 39 фоизга, 2026 йилда эса 48 фоизга етган.
Тавсия этилган профилактик тиббий кўрикларнинг тўлиқ мажмуасидан фақат 16 фоиз фуқаро ўтади. 2023 йилда бу кўрсаткич 38 фоизни ташкил этган.
Бу ҳолат кўп жиҳатдан фуқароларнинг ўз саломатлигини назорат қила олишига бўлган субъектив ишончи юқорилиги билан изоҳланади. Ўзбекистондаги респондентларнинг 85 фоизи саломатлигини тўлиқ ёки асосан назорат қила олишини билдирган. Тадқиқот бўйича ўртача жаҳон кўрсаткичи эса 78 фоизни ташкил этган. Ўзбекистонликларнинг 45 фоизи саломатлиги устидан тўлиқ назоратга эга эканини айтган, дунёда бу кўрсаткич 13 фоизга тенг.
Респондентларнинг 40 фоизи зарур тиббий маълумотларни мустақил равишда топиш ва талқин қилиш қобилиятига ишонч билдирган. Дунё бўйича бу кўрсаткич 22 фоизни ташкил қилади.
Шу билан бирга, сўровда қатнашганларнинг 48 фоизи саломатлик ҳақида хабардорлик учун асосий масъулиятнинг ўз зиммасида бўлиши керак, деб ҳисоблайди. 41 фоиздан респондент эса бу вазифада тиббиёт мутахассислари ва давлат асосий роль ўйнаши кераклигини айтган.
Агар фуқароларда саломатлик учун мунтазам равишда қўшимча маблағ ажратиш имконияти бўлганида, уларнинг 32 фоизи бу маблағни тиббий текширувлардан ўтишга, 29 фоизи витаминлар ва биологик фаол қўшимчалар харид қилишга сарфлаган бўлар эди. Фақат 9 фоиз респондент рақамли иловалар ва фитнес-трекерларга маблағ йўналтиришни танлаган.
Саломатлик билан боғлиқ қарорлар қабул қилишда Ўзбекистон аҳолиси учун ижтимоий муҳит муҳим ўрин тутади. Асосий йўналтирувчилар сифатида шифокорлар (55 фоиз), турмуш ўртоғи ёки ҳамкорлар (53 фоиз), оила аъзолари (49 фоиз) ва фармацевтлар (43 фоиз) қайд этилган.
Маданий ва диний қарашлар ҳам аҳоли қарорларига сезиларли таъсир кўрсатади. Респондентларнинг 39 фоизи бу омилларни муҳим деб ҳисоблаган. Тадқиқотдаги ўртача кўрсаткич эса 19 фоизни ташкил этган. Давлат органлари ва институтлари тавсияларига 31 фоиз респондент таянади. Дунё бўйича бу кўрсаткич 14 фоизга тенг.
Рақамли тиббий хизматларнинг ривожланиши ижобий баҳоланаётганига қарамай, аҳолининг устувор эҳтиёжлари асосий тиббий инфратузилмани ривожлантириш билан боғлиқ.
Агар соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш йўналишларини фуқароларнинг ўзи белгилаши мумкин бўлганида:
-
59 фоиз респондент биринчи навбатда қишлоқ ва тиббий хизматлар етарли даражада ривожланмаган ҳудудларда тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятини оширишга маблағ йўналтирган бўлар эди;
-
36 фоиз бирламчи тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш зарурлигини билдирган;
-
35 фоиз навбатларни қисқартириш ва тиббиёт мутахассислари сонини кўпайтиришни таклиф қилган;
-
33 фоиз кексаларга тиббий ва ижтимоий хизмат кўрсатишни яхшилаш зарурлигини таъкидлаган;
-
13 фоиз эса рақамли воситалар ва телетиббиётга инвестицияларни давом эттиришни устувор йўналиш сифатида кўрсатган.
STADA Health Report 2026 тадқиқоти халқаро Human8 компанияси томонидан 2026 йил февраль–март ойларида онлайн сўров усулида ўтказилган. Унда 20 мамлакатдан 19 514 киши иштирок этиб, 40 дан ортиқ саволга жавоб берган.
Тадқиқот натижалари Ўзбекистон аҳолисининг рақамли тиббий хизматларга қизиқиши ортиб бораётганини кўрсатади: респондентларнинг 52 фоизи бундай хизматлардан фойдаланиш имкониятини ижобий баҳолаган.
Бироқ аҳолининг асосий талаби рақамли хизматлардан кўра тиббий инфратузилмани ривожлантириш ва ҳудудларда шифокорлардан жисмоний равишда фойдаланиш имкониятини таъминлаш билан боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас