Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизматлари учун истеъмолчиларнинг умумий қарздорлиги 542,6 миллиард сўмга етди. Шундан 430 миллиард сўми аҳоли, яна 111 миллиард сўми юридик шахслар ҳиссасига тўғри келади.
Бу ҳақда 30 октябрь куни "Ўзсувтаъминот" жамияти вакиллари матбуот анжуманида маълум қилди.
Компания маълумотларига кўра, 2026 йилнинг тўққиз ойида қарздорлиги бўлган 23 минг истеъмолчининг ичимлик суви тармоғига уланиши узиб қўйилган. Бундан ташқари, 122 мингта ҳолат бўйича жами 265 миллиард сўмлик қарз суд органларига оширилган.
Текширувлар давомида мутахассислар 8,6 мингта қоидабузарликни аниқлаган. Уларнинг 4,6 мингтаси сув тармоқларига ноқонуний уланиш билан боғлиқ бўлган. Етказилган зарар 112 миллиард сўмга баҳоланган, матбуот анжуманига қадар унинг 30 миллиард сўми ундирилган.
"Ўзсувтаъминот"да маълум қилинишича, йил бошига нисбатан бир миллион сўмдан ортиқ қарзи бўлган йирик қарздорлар сони 4,4 мингтага камайган. Уларнинг қарздорлик суммаси эса 5,4 миллиард сўмга қисқарган. Хизматлар учун бир йилдан ортиқ вақт давомида тўлов қилмаган истеъмолчилар сони ҳам 46,3 мингтага ёки 4 фоизга камайган.

Изоҳлар мавжуд емас