Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Бугун Олмалиқда коронавирусга қарши Ўзбекистон-Хитойнинг ZF-UZ-VAC2001 вакцинасини топширишнинг расмий маросими бўлиб ўтган. Вакцина Jurabek Laboratories ҚК томонидан ишлаб чиқарилган. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.
Жами корхонада вакцинанинг 7 миллион дозаси ишлаб чиқарилиб, у бир неча босқичда тиббиёт муассасаларига жўнатилади. Бугун 1.4 миллион доза топширилган.
Препаратни ишлаб чиқариш бўйича келишув 2021 йилнинг августида Хитойнинг Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co. Ltd ва Jurabek Laboratories JV LLC ўртасида имзоланган. Келишувларга кўра, дастлаб мамлакатимизда ойига 10 миллион дозани қуйиш режалаштирилган. Келажакда бу ҳажм йилига 200 миллион дозагача оширилади.
Шунингдек, томонлар Хитой вакцинаси ишлаб чиқариш технологиясини трансфер қилиш ва ўзбек олимлари ҳамда мутахассисларини Хитойда малакасини ошириш бўйича келишувга эришишган.
"Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига қарши вакцина чиқарилиши нафақат иммунизация дастурида, балки бутун мамлакат соғлиқни сақлаш тизимидаги тараққиётдан далолат беради. Ўз вакцинасига эга бўлиш ва уни ривожлантириш вакцинологиянинг бошланишидир. Бу узоқ давом этган меҳнат, республика олимларининг орзуси ва фахридир. Бу соҳани ривожлантиришга ҳисса қўшадиган ва юқумли касалликларга қарши курашишдаги муаммоларни ҳал қилишга қодир бошқа вакциналарнинг ишлаб чиқарилишни режалаштириш зарур", - деди санитария-эпидемиологик осойишалик ва жамоат саломатлигини сақлаш хизмати вакциналар ва иммунопрофилактика бўлими бошлиғи Дилором Турсунова.
ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг учинчи дозадан кейинги самарадорлиги барча штаммлар учун 81.76% ва Британия штаммига қарши 92.93% ни ташкил этади. У ўлимли ва оғир ҳолларга қарши 100% самарадорлигини кўрсатган. ЖССТ талабларига кўра, вакцина камида 50% самарадорликка эга бўлиши керак.
Изоҳлар мавжуд емас