Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ташки меҳнат миграцияси агентлиги ўзбекистонлик мигрантлардан Россияда бўлиб ўтаётган норозилик намойишларида иштирок этмасликни сўраган. Бу ҳақида мухбиримиз хабар бермоқда.
“Сўнгги кунларда Россия Федерациясининг турли ҳудудларида давлат расман рухсат бермаган оммавий намойишлар бўлиб ўтмоқда. Шу муносабат билан, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ушбу давлатда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларидан бундай оммавий намойишларда иштирок этмасликни, Россия Федерацияси қонунларига риоя этишни ва одамлар кўп тўпланаётган жойларга бормасликни сўрайди”, - дея маълум қилинмоқда хабарда.
Шунингдек, агентликнинг билдиришича, бу каби расман рухсат берилмаган тадбирларда қатнашиш чет эл фуқаролари учун Россия Федерацияси қонунларига мувофиқ жиноий жавобгарликка тортилиш ёки давлатдан мажбурий чиқариб юборишга олиб келиши мумкин.
Эслатиб ўтамизки, 2 февраль куни, шунингдек, 23 январь ва 31 январь кунлари Россияда мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навалнийни қўллаб-қувватлаш бўйича намойишлар бўлиб ўтган эди. Намойишлар Москва, Санкт-Петербург, Қозон, Нижний Новгород, Саратов, Челябинск, Екатеринбург, Якутск ва бошқа йирик шаҳарларда ўтказилган.
Шу билан бирга, Навалний тарафдорлари томонидан яқин келажакда бундай намойишлар ўтказмаслиги ҳақида бугун маълум қилинган. Навалнийни қўллаб-қувватловчи навбатдаги митинглар баҳор ва ёзда бўлиб ўтади.
Изоҳлар мавжуд емас