Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 2027 йил 1 январдан бошлаб фуқаролар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари сессияларида кузатувчи сифатида иштирок этиши мумкин бўлади. Бу Президент Шавкат Мирзиёев фармонида белгиланган. Бироқ фуқаролар мажлислар жараёнига, масалалар муҳокамасига ва қарорлар қабул қилинишига аралаша олмайди.
Фармон билан маҳаллий Кенгаш депутатларининг ҳокимликлар фаолияти устидан назоратини кучайтириш чоралари ҳам белгиланган. Унга кўра, ижро этувчи органлар раҳбарлари белгиланган муддатларда Кенгашларга шахсан ҳисобот бериши шарт бўлади.
Шунингдек, ҳар чоракда Кенгаш сессиялари кун тартибидаги биринчи масала сифатида сайлов округларидаги муаммоларни кўриб чиқиш режалаштирилган. Бу жараёнда ҳокимлар ва уларнинг ўринбосарлари ҳам иштирок этади.
Агар мансабдор шахслар Кенгаш қарорларини бажармаса ёки амалга оширилган ишлар юзасидан ўз вақтида ҳисобот бермаса, депутатлар юқори турувчи органларга уларни интизомий жавобгарликка тортиш ёки эгаллаб турган лавозимига номувофиқлиги масаласини кўриб чиқиш бўйича тақдимнома киритиши мумкин. Бундай тақдимномалар мажбурий тартибда кўриб чиқилиши керак.
Бундан ташқари, 2026 йил 1 декабрдан бошлаб туман ва шаҳар Кенгашлари ҳужжатлари лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади.
2028 йил учун маҳаллий бюджетларни шакллантиришда эса ҳудуд тоифасига қараб харажатларнинг 3–5 фоизини депутатларнинг ўз ташаббусларини амалга оширишга йўналтириш назарда тутилган.
Мазкур ўзгаришлар маҳаллий Кенгашлар фаолиятида фуқаролар иштирокини кенгайтириш ва депутатларнинг ижро ҳокимияти устидан назорат ваколатларини кучайтиришга қаратилган.

Изоҳлар мавжуд емас