Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Жанубий Кореянинг Сеул марказий туман суди Сурияда фаолият юритувчи "Катиба ат-Тавҳид вал-Жиҳод" террорчилик ташкилотига пул ўтказган Ўзбекистон фуқаросини 1 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилди. Суд, шунингдек, унга 1,25 миллион вон миқдоридаги маблағни ундириш ҳақида қарор чиқарди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жанубий Кореяда Сурияда фаолият юритувчи террорчилик ташкилотига пул ва транспорт воситалари юборишда гумонланаётган 4 нафар Ўзбекистон фуқароси терроризмни молиялаштиришга қарши қонунни бузганликда гумонланиб ушланганди.
Хабарларга кўра, Ўзбекистон фуқароси Жанубий Кореяда талабалар учун мўлжалланган D-4-1 визаси асосида яшаган ва университет қошидаги тил марказида корейс тилини ўрганган.
Эркак 2024 йил январидан 2025 йил январгача террорчилик ташкилоти аъзоси кўрсатган банк ҳисобларига олти марта пул ўтказган. Жами маблағ 1,25 миллион вонни ёки тахминан 936 долларини ташкил этган.
Ташкилот вакили ўзини Ўзбекистон фуқароси сифатида таништириб, Сурияда ҳукумат кучлари ва Россияга қарши жанг олиб бораётганини айтган. У судланувчидан молиявий ёрдам сўраган.
Бундан ташқари, ташкилот аъзоси Жанубий Кореяда бўлган бошқа бир шахсдан пул олиб, уни Сурияга юборишни таклиф қилган. Ўзбекистон фуқароси бу таклифга рози бўлган, аммо маблағ унга етиб келмагани сабабли пул ўтказмаси амалга ошмаган.
Суд қарорида судланувчи маблағлар террорчилик фаолиятини молиялаштириш учун ишлатилишини билган ҳолда ташкилотни қўллаб-қувватлагани таъкидланган. Судьялар бундай ёрдам маблағ миқдоридан қатъи назар, террорчилик тузилмаларининг фаолиятини давом эттиришига кўмаклашиши ва халқаро тинчлик ҳамда жамоат хавфсизлигига жиддий таҳдид солишини қайд этган.
Ҳукм чиқаришда судланувчининг айбини тан олгани инобатга олинган.
"Катиба ат-Тавҳид вал-Жиҳод" (KTJ) 2014 йил декабрь ойида ташкил этилган бўлиб, унинг сафида асосан Ўзбекистон ва Қирғизистондан чиққан жангарилар борлиги айтилади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши уни 2022 йил март ойида санкциялар рўйхатига киритган.
Ташкилот 2016 йилда Қирғизистондаги Хитой элчихонаси яқинида содир этилган портлаш ҳамда 2017 йилда Санкт-Петербург метросида амалга оширилган теракт билан боғлиқ.

Изоҳлар мавжуд емас