Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида 14 ёшли мактаб ўқувчиси отасига тегишли Lacetti автомобилини рухсатсиз бошқариб, йўлда хавфли ҳаракатлар қилгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди. Вилоят ИИБ маълумотига кўра, ҳодиса 10 ноябрь куни содир бўлган.
Аниқланишича, вояга етмаган бола отаси уйда бўлмаган вақтда автомобилни олиб чиққан. Ҳаракат давомида у йўлда авария ҳолатларини юзага келтириб, бошқа ҳаракат иштирокчиларига нисбатан ҳурматсизлик қилган.
Ўқувчининг айтишича, у ёмғирли об-ҳавода автомобилнинг қўл тормозини тортиб, турли трюклар кўрсатган ва бу жараённи видеога олган.
Бундай ҳаракатлардан мақсади ижтимоий тармоқларда кўпроқ лайк тўплаш бўлган.
Маълум бўлишича, бола Ғузор туманидаги 34-мактабнинг 8-синфида таҳсил олади.
Ҳолат юзасидан унинг ота-онасига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси — болани тарбиялаш ва унга таълим бериш мажбуриятларини бажармаслик ҳамда 135-моддаси — транспорт воситасини бошқаришга тегишли ҳужжатларсиз йўл қўйиш бўйича маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.
Автомобиль вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилган.
Олдинроқ отасининг машинасини рухсатсиз бошқарган 15 ёшли ўсмир бошқарувни йўқотиб, ариққа тушиб кетганди.

Изоҳлар мавжуд емас