Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида ҳисоботи эълон қилинган 51 та давлат олий таълим муассасасининг жами даромади 7,37 триллион сўмни ташкил этди. Уларнинг харажатлари эса 7,83 триллион сўмга етган.
Энг кўп даромад Тошкент давлат иқтисодиёт университетида қайд этилган бўлса, даромади харажатидан кўп бўлган ОТМлар орасида Андижон давлат университети етакчилик қилган. Ўзбекистонда жами 99 та давлат олий таълим муассасаси мавжуд бўлиб, ушбу давр учун уларнинг 51 таси бўйича маълумотлар очиқланган.
Даромаднинг асосий қисми талабаларнинг тўлов-контракт маблағлари ҳисобига шаклланган. Ушбу тушумлар 4,09 триллион сўмни ёки жами даромаднинг 55,5 фоизини ташкил этган.
Давлат бюджети бўйича молиялаштириш режаси 2,88 триллион сўмга тенг бўлиб, умумий даромаднинг 39,1 фоизини ташкил қилган. Ривожлантириш жамғармалари орқали эса 400,5 миллиард сўм тушум қайд этилган. Бу жами даромаднинг 5,4 фоизига тенг.
Ҳисобот даврида давлат ОТМларининг умумий харажатлари 7,83 триллион сўмга етган. Бу даромаддан 454,3 миллиард сўм ёки 6,2 фоизга кўп. Харажатларнинг 4,94 триллион сўми тўлов-контракт маблағлари, 2,57 триллион сўми давлат бюджети, 318,7 миллиард сўми эса ривожлантириш жамғармалари ҳисобига тўғри келган.
Жами даромад бўйича Тошкент давлат иқтисодиёт университети 572,1 миллиард сўм билан биринчи ўринни эгаллаган.
Ўзбекистон Миллий университети 544,3 миллиард сўм билан иккинчи, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети 361,6 миллиард сўм билан учинчи ўринда қайд этилган.
Кейинги ўринларни Фарғона давлат университети 343,7 миллиард сўм, Бухоро давлат университети 330,3 миллиард сўм ва Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети 304,8 миллиард сўм даромад билан эгаллаган.
Шунингдек, Урганч давлат университети 277,1 миллиард сўм, Самарқанд давлат университети 269,2 миллиард сўм, Тошкент давлат техника университети 227,5 миллиард сўм ҳамда Наманган давлат университети 216,3 миллиард сўм даромад олган.
Тошкент давлат иқтисодиёт университети даромад бўйича етакчиликни сақлаб қолган бўлса-да, унинг тушумлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 307,5 миллиард сўмга ёки 35 фоизга камайган.
Аксинча, Ўзбекистон Миллий университетининг даромади 72,2 миллиард сўмга ёки 15,3 фоизга ошган. Натижада икки университет ўртасидаги фарқ 407,5 миллиард сўмдан 27,8 миллиард сўмга қисқарган.
Аввалроқ Ўзбекистонда дуал таълимда юқори натижа кўрсатган ОТМ ва корхоналарга 3 миллиард сўмгача мукофот берилиши ҳақида хабар берилганди.
Изоҳлар мавжуд емас