Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Озарбайжоннинг собиқ президент маъмурияти раҳбари Рамиз Меҳдиев 14 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бироқ унинг ёши ва соғлиғи билан боғлиқ ҳолатлар инобатга олиниб, жазо шартли равишда тайинланди. Энди у суд ҳукми устидан апелляция шикояти берди.
Боку оғир жиноятлар суди 2026 йил 22 октябрда Меҳдиевга нисбатан ҳукм чиқарган. У жиноий йўл билан олинган мол-мулкни легаллаштириш, давлатга хиёнат қилиш, ҳокимиятни зўрлик билан эгаллашга уриниш ва йирик миқдорда пора олиш билан боғлиқ жиноятларда айбдор деб топилган.
Суд қарорига кўра, унга 14 йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Бироқ Озарбайжон Жиноят кодексининг 70-моддаси асосида ушбу жазо шартли деб белгиланган. Шунингдек, Меҳдиевнинг мол-мулкини давлат фойдасига мусодара қилиш ва уни давлат мукофотларидан маҳрум этиш масаласини кўриб чиқиш учун тақдимнома юбориш ҳақида қарор қабул қилинган.
18 ноябрь куни собиқ амалдор Бакин оғир жиноятлар суди ҳукми устидан апелляция шикояти бергани маълум бўлди. Ҳимоя томони жиноят ишини қайта кўриб чиқиш, унинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш ва енгилроқ қарор чиқаришни сўраган. Иш Боку апелляция судида судья Эмин Алиев томонидан кўриб чиқилади. Биринчи суд мажлиси санаси ҳозирча белгиланмаган.
Эслатиб ўтамиз, Batafsil.uz аввалроқ Рамиз Меҳдиев ва мухолифат етакчиси Али Керимли бошчилигидаги гуруҳ давлат тўнтаришига уриниш ва хорижий давлатлар фойдасига жосуслик қилишда айблангани ҳақида ёзган ди. Ўша материалда Озарбайжон Давлат хавфсизлик хизмати тергов маълумотларига таяниб, Меҳдиевга нисбатан давлатга хиёнат, ҳокимиятни зўрлик билан эгаллашга уриниш ва жиноий маблағларни легаллаштириш айбловлари қўйилгани баён қилинган.
Рамиз Меҳдиев 1995–2019 йилларда Озарбайжон Президенти маъмуриятига раҳбарлик қилган. Унга нисбатан жиноят иши 2025 йил октябрь ойида қўзғатилган.

Изоҳлар мавжуд емас