Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ёз ҳам қарийб ўртасига етиб бормоқда. Эртадан бошлаб ўзбекистонликлар яна жазирамага дуч келади. Уйланган кишиларнинг айтишича, бу об-ҳавода ҳаттоки никоҳ узуги ҳам торлик қилади.
Ёзнинг давоми қандай кечади? Аномал иссиқлик қачон кутилмоқда? Ушбу ёзда термометр устунчаси нечагача кўтарилади? Шу саволлар билан Ўзгидромет мутахассисларига мурожаат қилдик.
Чилла - ёзнинг енг иссиқ даври бўлиб, июнь ойи охиридан август бошигача тахминан 40 кун давом этади.
Ўзгидромет ходимларининг таъкидлашича, одатда июль ойида мамлакатда энг юқори ҳарорат қийматлари кузатилади, бу йил ойнинг биринчи ўн кунлигида ҳаво ҳарорати иқлим меъёридан 5-8 даража юқори бўлган аномал иссиқлик кутилмоқда.
"1-5 июль кунлари Ўзбекистон ҳудудида ҳаво ҳарорати кундузи 39-41 даража, шимол, жануб ва чўл ҳудудларида 42-44 даражагача иссиқ ҳаво ҳукм суради. Шу билан бирга, 6-8 июль кунлари Эрон ҳудудларидан иссиқ ҳаво оқимининг кириб келиши натижасижа иссиқликнинг ортиши кутилмоқда. Кундузи ҳаво 41-43 даражагача, шимол, жануб ва чўл зонасида 44-46 даражагача исийди", - деди Ўзгидромет мутахассиси Муниса Асилхўжаева.
Шуниси қизиқки, жазирамага қарамай, айрим ҳудудларда, асосан, тоғолди ва тоғли жойларда ёмғир ёғиши мумкин.
"Тандир" иссиқлиги қайси саналарда кутилмоқда? Синоптик бу саволга аниқ жавоб берди - "6-8 июль кунлари максимал ҳарорат ўзининг рекорд қийматларига яқинлашади ва баъзи ҳудудларда улардан ошиб кетиши ҳам мумкин. Тошкентда максимал ҳароратнинг мутлақ рекорди ҳамон 44,6 даража бўлиб, бу кўрсаткич 1997 йилнинг 18 июлида қайд етилган."
Шу билан бирга, Асилхўжаеванинг сўзларига кўра, ёзнинг асосий қисми ҳали олдинда ва жазираманинг янги чўққилари эҳтимолдан холи эмас.
Изоҳлар мавжуд емас