Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Куни кеча таълим соҳаси ходимлари билан мулоқот давомида президент Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларидан икки нафар инглиз тили ўқитувчиси фаолияти билан танишди. Қизларнинг ютуқлари эътироф этилди: уларга BYD Chazor автомобили ва давлат идораларида ишлаш таклифлари берилди.
Эслатиб ўтамизки, таълим соҳаси ходимлари билан учрашув 15 сентябрь куни Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган эди.
Қизлардан бири Биллура Икромова Бухоро вилояти Ромитан туманидаги 38-мактабда инглиз тилидан дарс беришини айтди. У Буюк Британиянинг Рединг университетини тамомлаган, бу университет дунёнинг топ-200 талигига киради. Обрўлироқ жойларда ишлаш таклифи бўлса-да, у чекка туманда болаларни ўқитиш учун қолган.
Қиз халқаро сертификатларга эга, шунингдек, қишлоқ қизлари учун мураббийлик лойиҳасининг ташаббускори. Унинг ташаббуси билан йирик грантлар учун аризалар тайёрланиб, юзлаб ёшлар чет элда ўқиш имкониятига эга бўлди.
Президент билан учрашувда Икромова Ўзбекистон мактабларига грантларни жалб қилиш механизмини ишлаб чиқишни таклиф қилди. Унинг фикрича, бунинг учун мактабларда тез орада пайдо бўладиган маслаҳатчиларни тайёрлаш мақсадга мувофиқ.
Яна бир инглиз тили ўқитувчиси - Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги 37-мактаб ўқитувчиси Нодира Набиева. Педагог имо-ишора тилининг инглизча-ўзбекча луғатини тузди, шунингдек, эшитишда нуқсони бўлган болаларга таълим бериш бўйича китоб ҳам ёзди.
Қўлланма Германиянинг Lambert Academic Publishing нашриётида чоп этилган ва саккиз тилга таржима қилинган. АҚШнинг Галлодет университети ўқитувчилари ундан ўз ишларида муваффақиятли фойдаланишмоқда.
Қиз ўз методикасини Ўзбекистондаги барча мактабларга тарқатишни таклиф қилди.
Президент ҳар икки ўқитувчини давлат идораларига ишга таклиф қилиб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди. Шу билан бирга, қизлар ҳозир ишлаётган ҳудудларидан кўчмасдан, масофадан туриб ишлайдилар. Ушбу ташаббуснинг натижалари ҳозирча номаълум.

Изоҳлар мавжуд емас