Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Президент томонидан имзоланган янги қонунга мувофиқ, Ўзбекистонда ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни тан олиш тартиби соддалаштирилди.
Энди аризаларни кўриб чиқиш муддати 150 иш кунидан 50 иш кунигача қисқартирилди. Шунингдек, ер солиғи ёки мол-мулк солиғи бўйича қарздорлиги 30 БҲМдан (12,36 млн сўм) ошмайдиган фуқаролар ҳам ер участкасини қонунийлаштириш ҳуқуқига эга бўлади.
Қонунга кўра, ер участкасини расмийлаштириш учун тўланадиган бир марталик тўловни 3 йилгача бўлиб-бўлиб тўлаш мумкин. Агар фуқаро қарор қабул қилинганидан кейинги 20 иш куни ичида тўловнинг ярмини амалга оширса, қолган қисми бўйича амалда 50 фоизлик имтиёзга эга бўлади.
Якка тартибдаги турар жой эгалари учун ердан фойдаланиш ҳуқуқи 99 йил муддатга расмийлаштирилади. Бошқа тоифадаги ер участкалари учун ижара муддати 49 йил этиб белгиланади.
Шунингдек, хусусий уй ҳужжатларида кўрсатилган майдондан ортиқча эгалланган ерларни қонунийлаштириш тартиби ҳам соддалаштирилди. Энди тўлов миқдори ернинг бозор қийматига эмас, балки белгиланган ягона ставкага асосланади.
Янги тартиб ер участкаларини қонунийлаштириш жараёнини тезлаштириш, ортиқча бюрократик тўсиқларни камайтириш ва фуқаролар учун қулайлик яратишга қаратилган.

Изоҳлар мавжуд емас