Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ўзгидромет келаётган ҳафтанинг батафсил об-ҳаво башоратини эълон қилиб, ўзбекистонликлар янги йилни қорсиз кутиб олишларини билдирган.
“Бу ҳафта Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари Сибирь антициклони периферияси таъсири остида бўлади, у Россиянинг Уралидан Охота денгизигача бўлган кенг ҳудудни ўз ичига қамраб олади. Ушбу антициклоннинг периферияси Қозоғистон орқали бизнинг ҳудудимизга кириб келади”, - дея таъкидлашган синоптиклар.
Шу муносабат билан декабрь ойининг охирги кунлари ва январь ойининг биринчи кунлари республика бўйича совуқ ва қуруқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Албатта, бизнинг мамлакатимизда Сибирь ва шимолий Қозоғистон ҳудудларидаги каби совуқ кутилмайди, лекин меъёрдан 4-7 даражага паст бўлган ҳарорат ҳафта давомида сақланиб туради.
Республиканинг айрим жойларида туман бўлиши мумкин. Шарқдан шамол эсиб, озроқ кучаяди. Тунги пайтда совуқ 3-8 даража, шимолий ҳудудларда 10-15 даражага етади, кундузи ҳаво ҳарорати 2 даража совуқ ва 3 даража илиқ атрофида бўлади.
Демак, янги йилни яна қорсиз кутиб оларканимизда?
Бу савол ҳар бир янги йил арафасида пайдо бўлади. Одамлар онгида Янги йил байрами одатда қор билан боғлиқ. Бироқ, Ўзбекистон аҳолиси, сайёрамизнинг бошқа жанубий ҳудудлари сингари, ҳар доим ҳам Янги йилни қор билан кутиб олишмайди. Кейинги йиллардаги статистик маълумотларга кўра, Тошкентда ушбу кунларда ёғингарчилик 3-4 йилда ўртача бир марта бўлади. Бироқ, бу ёғингарчиликлар ҳар доим ҳам қор кўринишида бўлмайди. Янги йил кечасида қор ёғиши янада кам бўлади.
Сўнгги йилларда энг қорли кун 2007 йилнинг биринчи куни бўлган. Қор Янги йил арафасида бошланиб, 1 январда бутун кун давомида ёғишда давом этган. Бу ҳақиқий Янги йил эртаги бўлган эди. Охирги марта Янги йил байрамида қор 2013 йил 1 январь кунида ёғган эди.
Тошкентда 1889 йилнинг Янги йил кечасида метеорологик кузатувлар тарихидаги энг юқори ҳарорат 28 даража совуқ кузатилган.
Охирги 50 йил ичида Тошкентда бундай паст ҳарорат кузатилмаган ва бу даврда энг совуқ 1991 йил 1 январга ўтар кечаси бўлиб, Тошкентда ҳарорат 13 даража совуққача пасайган.
Энг иссиқ Янги йил байрамлари 2009 йилдан 2010 йилга ва 2015 йилдан 2016 йилга ўтишда кузатилган, бунда кундузги ҳарорат 31 декабрда ва 1 январда 18-19 даража иссиқ бўлган.
Якшанба куни 27 декабрда ёғиб ўтган қор бу йилги сўнгги қор эди, ўзбекистонликлар бу Янги йилни қорсиз кутиб олишади.
Изоҳлар мавжуд емас