Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ижтимоий тармоқларда Эрон ҳудуди устида гўёки "кислотали булутлар" шакллангани, улар ёғингарчилик билан бирга Марказий Осиё мамлакатларига етиб бориши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалмоқда. "Ўзгидромет" ушбу маълумотлар илмий асосга эга эмаслигини таъкидлади.
Мутахассисларнинг тушунтиришича, кислотали ёғингарчилик булутлардаги сув буғлари билан кимёвий реакцияга киришадиган олтингугурт оксидлари ва азот оксидларининг тўпланиши натижасида ҳосил бўлади. Бундай жараёнлар асосан саноат ҳудудлари ва чиқиндилар манбаларига яқин жойлашган ҳудудлар учун хосдир.
Ифлосланган ҳавони узоқ масофаларга кўчиришда атмосфера турбулентлиги, вертикал аралашиш ва чўкиш жараёнлари туфайли зарарли моддалар концентрацияси сезиларли даражада камаяди. Шунинг учун манбадан минглаб километр узоқликда хавфли кислотали ёмғирларнинг ҳосил бўлиши деярли мумкин эмас.
Бундан ташқари, ёғингарчилик маҳаллий булут ҳосил бўлиш жараёнлари билан боғлиқ: ёмғир бевосита маълум бир ҳудуд устида мавжуд бўлган сув буғлари ва аэрозоллардан ҳосил бўлади.
Метеорологик кузатувлар ва ҳаво сифати мониторинги маълумотларига кўра, Ўзбекистон ва қўшни давлатлар ҳудудига "кислотали булутлар" кўчиши хавфи кузатилмаяпти.
Ўзгидромет ОАВ ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатмасликка ва фақат расмий манбаларга таянишга чақирди.
Эслатиб ўтамизки, Теҳронда нефть инфратузилмасига берилган зарбалардан сўнг кучли портлашлар содир бўлди ва ёқилғи обектларида ёнғинлар юзага келди. Шаҳар узра қуюқ қора тутун булутлари кўтарилди, айрим ҳудудлар аҳолиси эса ёниш маҳсулотлари туфайли юзага келган ноодатий ёғингарчилик - "қора ёмғир" ҳақида хабар берди.

Изоҳлар мавжуд емас