Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Жорий йилда биринчи синфга борадиганларнинг ота-онаси фарзанди учун учта мактабни танлаш имконига эга бўлади. Ҳужжатлар қабули 15 июндан бошланади. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.
“Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг марказидаги умумтаълим мактабларида 1-синфга қабул жараёнлари тажриба-синов тариқасида электрон шаклда амалга оширилади. Жараён 2 босқичда бўлади. Биринчи босқичда ота-оналар 2021 йилнинг 15 июнидан 5 июлига қадар my.maktab.uz электрон плафтормаси орқали рўйхатдан ўтиб, фарзандлари 1-синфга чиқадиган мактабларни танлайдилар. Бунда ота-оналарга 3 та мактабни танлаш имконияти берилади” – дея маълум қилди Тошкентда бўлиб ўтган брифингда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Лайло Рустамова.
Унинг айтишича, биринчи мактаб - ота-она доимий истиқомат қилаётган ҳудуддаги мактаб, яъни яшаш манзили бириктирилган микроҳудуддаги мактаб бўлиб, иккинчи ва учинчи мактаблар - ота-оналарнинг ихтиёрий танлови асосида фарзандларини қатнаши учун қулай бўлган мактаблар ҳисобланади.
Иккинчи босқичда 2021 йилнинг 6 июлидан 31 июлга қадар ота-оналар электрон плафторма орқали танлаган биринчи мактабга, яъни бириктирилган микроҳудуддаги мактабга ҳужжатларини топширадилар, бунда ҳужжатларни топшириш тўлиқ электрон шаклда амалга оширилади. Ота-оналарнинг доимий яшаш манзили бўйича бириктирилган микроҳудуддаги мактабга жойлашишлари кафолатланади.
Агар ота-оналар микроҳуддуддаги мактабни эмас, бошқа мактабларни танлаган бўлса, яъни электрон рўйхатдан ўтиш вақтида танлаган иккинчи ёки учинчи мактабларнинг бирида бўш ўринлар бўлган тақдирда 1-15 август кунлари ҳужжатларини топширишлари мумкин бўлади.
Қолган ҳудудларда умумтаълим мактабларида 1-синфга қабул анъанавий шаклда, яъни бевосита мактабда амалга оширилади. Қабул анъанавий шаклда амалга ошириладиган ҳудудларда ота-оналар бевосита 2021 йилнинг 15 июндан -15 июлга қадар доимий яшаш манзили бўйича бириктирилган микроҳудуддаги мактабга фарзандларини 1-синфга жойлаштриш учун ҳужжатларини топширишлари мумкин.
Шунингдек, 16 июлдан - 15 августга қадар ота-оналарга ихтиёрий танлов асосида бошқа мактабларга, яъни микроҳудудига кирмаса ҳам бўш ўринлар бўлса, фарзандларини 1-синфга қабул қилиш учун бошқа мактабга ҳужжатларини топшириш имконияти берилади.
Изоҳлар мавжуд емас